Қозоғистонда Хитойга қарши намойиш, "камида 20 киши қўлга олинган"

Қозоғистонда Хитойга қарши намойиш, "камида 20 киши қўлга олинган"

 

 

Хабарларга кўра, Қозоғистонда Хитойнинг кучайиб бораётган иқтисодий таъсирига қарши юзлаб одам намойишга чиққан. Намойишчилар Шинжонда қозоқлар, уйғурлар ва бошқа туркийзабон миллатларнинг таъқиб этилишини ҳам қоралашган.

Маълум бўлишича, намойишлар 27 март куни пойтахт Нур-Султон, Олма ота ва яна Қозоғистоннинг бир қанча шаҳарларида бўлиб ўтган.

Намойишлар арафасида камида 20 киши қўлга олинган. Интернетда чекловлар кузатилган.

Бу ҳақда Озодлик радиоси Қозоқ хизмати хабар берган, ўз хабарида намойишлар акс этган видеотасвирларни ҳам илова қилган.

Норозилик чиқишлари мамлакатда фаолияти тақиқланган Қозоғистон Демократик Танлови ва расман рўйхатдан ўтмаган Қозоғистон Демократик партиялари томонидан уюштирилгани айтилмоқда.

Хабарларга кўра, намойишчилар Хитой билан қўшма корхоналар қуриш ва Қозоғистон иқтисодига Хитой сармояларини киритиш, ўз таъбирларида, Хитойнинг "Қозоғистондаги экспанияси"га қарши чиқишган.

Шунингдек, улар Шинжонда уйғурлар, қозоқлар ва бошқа туркийзабон миллатларнинг таъқиб этилиши ҳам қоралашган.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!