Қонунга чап бермоқчи бўлган “уддабурон” тадбиркорлар ёхуд кредит найранглари

Қонунга чап бермоқчи бўлган “уддабурон” тадбиркорлар ёхуд кредит найранглари

Мамлакатимизда тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бугунги кунда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Мазкур йўналишда давлатимиз томонидан тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун кенг кўламли имкониятлар ва унинг ҳуқуқий асослари яратилган. Зеро, мазкур имкониятларни солиқ ва божхона имтиёлари бериш, ер ажратишнинг шаффоф тизими яратилиши, имтиёзли шартларда кредит ажратиш ва бошқа йўналишларда яққол кўриш мумкин. Бироқ, афсуслар бўлсинки, баъзи “уддабурон” тадбиркорлар томонидан ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тўлиқ англаб етмаётганлиги, мавжуд имкониятлардан текин бойлик орттириш мақсади кўзлаши дилни хира қилади. Буни мисол тариқасида судда кўриб чиқилган бир кредит низосига оид аниқланган ҳолатларни келтириш ўринлидир.

Маълум бўлишича, Ғиждувон туманида “BV COR MAKS TRADING” масъулияти чекланган жамияти (матнда МЧЖ деб юритилади) фуқаро С.Абдухайрованинг ягона таъсисчилигида 100 фоиз улуш билан ташкил қилинган. С.Абдухайрова МЧЖнинг расмий раҳбари бўлсада, ишончнома асосида ўз турмуш ўртоғи М.Рўзиевга МЧЖ фаолиятини юритишга ваколат берган. Бироқ, “уддабурон” тадбиркорлар банкдан кредит олиб, кейинчалик уни қайтармаслик, кредит танидан бўлган қарзни қайтарсада, ундан фойдаланганлик учун фоиз суммаларини қайтармасликнинг йўл-йўриғини топгандек кўринади.  

АТБ “Ўзсаноатқурилиш-банк” Тўқимачилик филиали (матнда “банк” деб юритилади) ва МЧЖ ўртасида 2018 йил 24 августда 1015-сонли кредит шартномаси тузилиб, унга кўра банк томонидан МЧЖга паррандачиликни ташкил қилиш мақсадида 3 йил муддатга йиллик 18 фоиз устама тўлаш шарти билан 790 000 000 сўм миқдорида кредит ажратиш, МЧЖ эса кредит ва унга ҳисобланган фоизларини белгиланган муддатларда қайтариш мажбуриятини зиммасига олган. Кредит таъминоти сифатида 2018 йил 24 августдаги кафиллик шартномасига кўра “СONTINENT IMPEX” МЧЖнинг кафиллиги тақдим этилган ҳамда 2018 йил 25 августдаги ипотека шартномасига асосан фуқаро Қ.Жамиловага тегишли кўчмас мулклар гаровга қўйилган. Қарангки, кредит шартномасини имзолаш жараёнида банк ходимларининг эътиборсизлиги ёки “шерик”лиги оқибатими, МЧЖ номидан унинг раҳбари С.Абдухайрова шахсан имзолаши лозим бўлсада, қонун талабига зид равишда унинг имзосини М.Рўзиев томонидан бажарган. Кейинчалик, бундан мазкур қонунбузилишни рўкач қилиб, тузилган кредит шартномасини ҳақиқий эмас ёки ноқонуний деб топиш орқали мажбуриятни бекор қилиш мақсад қилинган бўлса ажаб эмас.

Кредит шартномасига асосан банк МЧЖга 790 000 000 сўм кредит ажратган. Бироқ, банк томонидан ўтказилган мониторинг жараёнида “уддабурон” тадбиркорлар МЧЖ номига олинган кредит маблағларини мақсадсиз фойдаланилганлиги аниқланган. Шу сабабли Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси банк манфаатида фуқаролик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, МЧЖдан ва кафилдан 2019 йил 23 июль ҳолатидаги 492 371 540 сўм кредит асосий қарзи ундиришни ва ундирувни фуқаро номида бўлган гаров мулкига қаратишни сўраган. Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро судининг 2019 йил 12 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризаси қаноатлантирилган. 

Табиийки, кейинчалик МЧЖ иш юритувчиси фуқаро М.Рўзиевга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тайинланган экспертиза хулосасига кўра 2018 йил 24 августда 1015-сонли кредит шартномасида МЧЖ раҳбари С.Абдухайрованинг имзоси сохталаштирилганлиги аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро М.Рўзиев жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман судининг ҳукми билан айбдорлиги ҳам сўзсиз иботланган.    

С.Абдухайрова ва унинг турмуш ўртоғи М.Рўзиев бу ҳолат уларнинг манфаатига ишлашига ишонган ҳолатда МЧЖ номидан иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгарлар АТБ “Ўзсаноатқурилишбанк” Тўқимачилик филиали ва Рўзиев Мақсуд Мардоновичга нисбатан тарафлар ўртасида тузилган 2018 йил 24 август куни тузилган 1015-сонли кредит шартномасини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Ғиждувон туманлараро иқтисодий суди дастлаб мазкур низони ҳал қилишда иш ҳужжатларини тўлиқ ўрганмасдан ва низони ҳал этиш учун иш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни тўлиқ аниқламасдан, экспертиза хулосасига асосан даъво талабидаги низоли 2018 йил 24 август куни тузилган 1015-сонли кредит шартномасида МЧЖ раҳбари А.Абдухайрованинг имзоси сохталаштирилганлигини асос қилиб, ФКнинг 116-моддасига кўра мазкур шартномани ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида шошилинч ҳал қилув қарори қабул қилган. Ёинки, суд томонидан ҳал қлуқ қарорининг қонуний ва адолатли бўлиш лозимлиги принциплари бузилган.  

Фуқаролик кодекси 132-моддасида белгиланишича вакил қилинмаган шахс томонидан бошқа шахс номидан тузилган ёки ваколатлардан ташқари чиқиб тузилган битим ваколат берган шахс ушбу битимни кейинчалик маъқуллаган тақдирдагина унинг учун ҳуқуқ ва мажбуриятларни вужудга келтиради, ўзгартиради ва бекор қилади. Битим тузишга ваколат берган шахс битимнинг ижрога қабул қилинганлигидан гувоҳлик берувчи ҳаракатлар қилган ҳолда ҳам бундай битим маъқулланган ҳисобланади.

Битим тузишга ваколат берган шахс томонидан битимнинг кейинчалик маъқулланиши уни тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий битимга айлантиради.

Бинобарин, судлов ҳайъати томонидан аниқланган ишнинг ҳақиқий ҳолатларига кўра МЧЖ раҳбари С.Абдухайрова томонидан кредит шартномасини шахсан имзоламаган бўлсада, бироқ мазкур кредит шартномасини маъқулланган ва ижрога қабул қилинганлигини тасдиқловчи бир нечта далиллар мажмуи билан исботланди. Хусусан, кредит шартномаси таъминоти бўйича тузилган Ғиждувон туман 3-сонли давлат нотариал идораси томонидан тасдиқланган 2018 йил 25 августдаги ипотека шартномаси кредит олувчи тараф МЧЖ раҳбари С.Абдухайрова томонидан шахсан имзоланган. Шунингдек, МЧЖ раҳбари С.Абдухайрова томонидан кредит шартномасига асосан кредит маблағларидан мақсадли фойдаланиш бўйича МЧЖ номидан “G`ijduvon Tomorqa xizmati” МЧЖ ва “Bay Sell Trading” МЧЖ ўртасида товуқ (парранда) ва паррандачилик ускунасини сотиб олиш ҳақидаги 2018 йил 30 июлдаги 249-сонли ва 2018 йил 30 июлдаги 06/07-сонли шартномалар имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган. Бундан ташқари, иш ҳужжатларидаги банк томонидан ажратилган кредит маблағлари мақсадли ишлатилиши бўйича ўтказилган мониторинглар бўйича 2019 йил 7 январдаги, 12 мартдаги ва 20 ноябрдаги тузилган далолатномалар ҳам МЧЖ раҳбари С.Абдухайрова томонидан эътирозсиз имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган. Қолаверса, МЧЖ раҳбари С.Абдухайрова томонидан имзоланган 2018 йил 1 мартдаги 2-сонли ишончномага асосан вакил сифатида фуқаро Рўзиев Мақсуд Мардоновичга МЧЖ ва раҳбари номидан шартномалар тузиш, ҳисобварақ-фактуралар ёзиш ва имзо қўйиш, битим ва далолатномалар тузиш, суд ва суд мажлисларида қатнашиш, хокимият, нотариус, кадастр, банк ва банк ишларида тўлов топшириқномаларига имзо қўйиш ваколати берилган. Мазкур ишончномага кўра МЧЖ раҳбари С.Абдухайрованинг вакилга шартномаларни, хусусан кредит шартномасини имзолаш учун хоҳиш-иродаси мавжуд бўлган. Демак, МЧЖ раҳбари С.Абдухайрова ипотека шартномасида қайд этилган тарафлар ўртасидаги 2018 йил 24 августдаги 1015-сонли кредит шартномасига асосан паррандачиликни ташкил қилиш учун 790 000 000 сўмлик кредит маблағлари ажратилаётганлик ҳолатларидан бевосита хабардор бўлган ва банк билан МЧЖ ўртасида кредит шартномаси тузиб, кредит олишни мақсад қилган. Кредитни қайтариш муддати келганда эса қонун талабларини четлаб ўтиш мумкинлигига ишонч ҳосил қилинганлиги кўринади шекилли.      

Бироқ, қайд этиб ўтилган ҳолатларда кредит шартномаси ҳақиқий битимга айланиши сабабли МЧЖ учун тегишли ҳуқуқ ва мажбурият вужудга келтиради. Бу ҳолатда судлов ҳайъати МЧЖнинг кредит шартномасини ҳақиқий эмаслиги ҳақидаги даъво талабини асоссиз деб ҳисоблади.

Бухоро вилоят иқтисодий суди кассация инстанциясида биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъвони қаноатлантириш рад этилди. Банк ҳуқуқ ва манфаатлари бузилиши олди олиниб, “уддабурон” тадбиркорларнинг кредит найранглари ва қонунни четлаб ўтишга бўлган ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди. 

Илҳом Юлдашев, 

Бухоро вилоят суди  иқтисодий ишлар бўйича судьяси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!