Қиш мўминнинг баҳоридир

Қиш мўминнинг баҳоридир

Мана ўлкамизга қиш фасли кириб келди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу фаслнинг фазилатлари ҳақида бундай хабар берганлар:

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ : اَلشِّتَاءُرَبِيعُ الْمُؤْمِنِ قَصُرَنَهَارُهُ فَصَامَ وَطَالَ لَيْلُهُ فَقَامَ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиш мўминнинг баҳоридир. Кундузи қисқа бўлади, рўза тутиб олади, кечаси узун бўлади(таҳажжудга) туради”, дедилар”. Байҳақий ривоят қилган.

Аскарий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадис шарҳида қуйидагиларни ёзган: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Қиш мўминнинг баҳоридир”, дейишлари баҳор фасли арабларда энг яхши фасл ҳисоблангани учундир. Чунки бу фаслда сувлар ва ўт-ўланлар мўл бўлиши сабабли серобчилик бўлади. Араблар етимларга хайр-эҳсон қиладиган серсаховат кишини ҳам “етимларнинг баҳори”, дейишади”.

Демак қиш фасли унда нафл ибодатлар кўп бўлгани эътиборидан ўт-ўланлари сероб бўлган баҳорга ўхшатилган. Шу маънода қиш фасли мўмин киши учун энг яхши фасл ҳисобланади. Чунки бу фаслдакечалари турли нафл ибодатларни адо этиш осон бўлгани сингарикундузлари рўза ибодатини адо этиш ҳам ниҳоятда енгил бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламбу фаслни ғанимат билишга ундаб бундай деганлар:

عَنْ عَامِرِ بْنِ مَسْعُودٍ عَنِ النَّبِىِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ:« الْغَنِيمَةُ الْبَارِدَةُ الصَّوْمُ فِى الشِّتَاءِ ».رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Омир ибн Масъуддан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қишдаги рўза салқингина ўлжадир”, дедилар”. Термизий ривоятқилган.

Яъни одатда ўлжани қўлга киритиш учун тер тўкиб ҳаракат қилинади. Аммо баъзи вақтларда уни тер тўкмасдан, қийинчиликсиз қўлга киритиш ҳам мумкин бўлади. Қиш фасли ана шундай қийинчилик ва машаққатларсиз кўплаб ажр-мукофотларни қўлга киритиш фурсатидир.

Бу фасл айниқса толиби илмлар учун ниҳоятда аҳамиятлидир. Шу маънода баҳор фаслини деҳқонлар учун уруғ қадаш мавсуми бўлганидек, қиш фаслини толиби илмлар учун илм эгаллаш мавсумидир дейиш ҳам мумкин.

Мўминлар баҳори бўлган ушбу фаслни гўзал амаллар билан ўтказиш бахтига Аллоҳ таоло барчаларимизни муваффақ қилсин.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин!

“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси
Абдулқодир АБДУР РАҲИМ

Манба: Islaminstitut.uz

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!