Покистонда жангарилар ҳужуми оқибатида 6 киши ҳалок бўлди

Покистонда жангарилар ҳужуми оқибатида 6 киши ҳалок бўлди

Покистоннинг Хайбер-Пахтунхва вилоятидаги газни қайта ишлаш заводига жангариларнинг ҳужуми оқибатида тўрт нафар милиционер ва хусусий хавфсизлик компаниясининг икки ходими ҳалок бўлди.

Покистон матбуотига кўра, бир гуруҳ қуролланган жангарилар Афғонистон билан чегарадаги Хангу ҳудудидаги корхонага ҳужум қилган.

Минтақа расмийларининг айтишича, жангарилар қуёш электр стансиясига ҳам зарар етказган.

Ҳозирча ҳеч қайси гуруҳ ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади.

Сўнгги ойларда Покистонда, асосан, Хайбер-Пахтунхва ва Балужистон вилоятларида терактлар кучайган.

Исломободнинг даъво қилишича, ҳужумларда Афғонистонда жойлашган "Теҳрик-э-Толибон Покистон" ташкилоти иштирок этган. Ўз навбатида, Афғонистон бу айбловларни рад этади.

30 январ куни Пешовардаги масжидда содир этилган худкуш ҳужумда 102 киши, асосан полициячилар ҳалок бўлган.

6-март куни Балужистонда содир этилган терактда 10 нафар хавфсизлик ходими ҳалок бўлган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!