Оқ уй «иқлим ўзгариши дини»га барҳам бермоқчи
АҚШнинг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги (EPA) мамлакатдаги иқлимни муҳофаза қилишга қаратилган давлат сиёсатини бекор қилишни режалаштирмоқда. Агентлик раҳбари Ли Зелдин, Президент Дональд Трампнинг яқин сафдоши, углекислота (CO₂) билан курашиш учун ҳуқуқий асослар йўқлигини билдирди.
🗣 Зелдиннинг сўзларига кўра:
«CO₂ доимо ёмон қилиб кўрсатилади, аммо унинг фойдали томонлари ҳеч қачон тан олинмайди. У Ер учун жуда муҳим.»
У ўз нутқида иқлимни муҳофаза қилишни «иқлим динининг муқаддас ғояси» деб атаб, уни бекор қилиш ниятида эканини билдирди.
Бу сиёсатга кўра, иқлимни ҳимоя қилиш эътибордан четга чиқарилиб, эътибор маблағларни тежашга қаратилади — яъни «камроқ иқлим муҳофазаси, кўпроқ пул».
🛑 Аммо Зелдиннинг бу баёноти жамоатчиликда кескин танқидларга сабаб бўлди. Кўплаб экологик ташкилотлар EPAга қарши кураш олиб боришини маълум қилди. Чунки 2007 йилда АҚШ Олий суди EPAни парник газларига қарши курашиш мажбурияти билан юклатган. Бу мажбурият 1963 йилда қабул қилинган «Тоза ҳаво тўғрисидаги қонун» (Clean Air Act) асосида амалга оширилиши шарт.
2009 йилда EPA илмий тадқиқотлар асосида парник газлари соғлиққа таҳдид солишини расман эълон қилган ва шу вақтдан бери бу сиёсат АҚШ иқлим сиёсати учун асос бўлиб келмоқда.
Бугунги кунда Конгрессда Трампнинг Республика партияси устунлик қилмоқда. Шу боис, Clean Air Act қонуни сақланиб қоладими-йўқми — номаълум.
Корнелл университети профессори Жон Тобин-де ла Пуэнте таъкидлаганидек, ҳатто агар ҳукумат ўз мақсадига эришса ҳам, саноат ва энергетика компаниялари қисқа муддатли сиёсий қарорларга қараб йирик сармоявий қарорлар қабул қилмайди. Шу боис, катта CO₂ чиқарадиган технологиялар ҳали ҳам кенг қўлланилмаслиги мумкин.
