Болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини аниқлаш ва уларни ҳимоя қилиш тартиби белгиланди
Ҳукумат қарори (440-сон, 14.07.2025 й.) билан “Болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини аниқлаш, зўравонлик хавфи даражасини баҳолаш, ҳимоя қилиш режасини ишлаб чиқиш ҳамда уни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
🔰 Низомга кўра, зўравонликдан жабрланган ёхуд ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болалар бевосита ўзлари ёхуд қонуний вакиллари “Инсон” марказлари, ички ишлар органлари ва бошқа масъул органларга мурожаат қилади.
📝 “Инсон” марказлари ички ишлар органлари иштирокида боланинг ҳаётий вазиятини 1 кун муддатда ўрганади.
📜 Бунда “Инсон” маркази боланинг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи омилларни дастлабки баҳолашдан ўтказади ҳамда хавф даражасини “паст” ёки “юқори” деб топиши мумкин.
☑️ Хавф даражаси “юқори” деб баҳоланганида, ички ишлар органи қуйидаги чоралардан бирини кўради:
🔹 зўравонлик содир этган шахсни маъмурий йўл билан ушлаб туриш ҳамда процессуал мажбурлов чораларини қўллаш;
🔹 болага ёхуд унинг қонуний вакилига ҳимоя ордерини бериш;
🔹 болани ота-онасидан (уларнинг биридан) ёхуд уни ўз қарамоғига олган бошқа шахслардан олиб қўйиш ва унинг хавфсизлигини таъминлаш.
⏳ Таҳдид солувчи омиллар бартараф этилгач, “Инсон” маркази боланинг ҳаётий вазиятини 14 календарь кун ичида комплекс баҳолашдан ўтказади.
📙 Комплекс баҳолаш натижаларига кўра 3 иш куни ичида болани ҳимоя қилиш режаси ишлаб чиқилади.
❗️ Болаларга нисбатан зўравонлик содир ёки содир этишга мойил бўлган шахсларга қуйидаги таъсир чоралари қўлланилиши мумкин:
▪️ тузатиш дастуридан ўтиш;
▪️ болаларини олиб қўйиш;
▪️ ота-оналик ҳуқуқини чеклаш ёки ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш.
▪️ наркология муассасаларида мажбурий даволаниш;
▪️ мажбурий тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини тайинлаш.
