Носвой биз билган, аммо тан олмаган офат
Болаларимизни ва ўзимизни ундан ҳимоя қилайлик.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, дунё бўйича тутунсиз тамаки чекувчиларнинг сони 346 миллион нафарни ташкил этади. Уларнинг аксарияти (86 фоизи) Жануби-Шарқий Осиё минтақасида яшайди. Дунёдаги 13-15 ёшдаги ўсмирларнинг тахминан 4 фоизи тутунсиз тамаки чекади ва катталар сингари, уларнинг аксарияти Жануби-Шарқий Осиё минтақасида яшайди.
Хўш, бугун бу борада вазият қандай?
2019 йилда мамлакатимизда ўтказилган сўровда 18-69 ёшдаги эркакларнинг 20 фоизи, жумладан, ҳар беш нафар эркакнинг бири, таассуфки, аёлларнинг 0,4 фоизи тутунсиз тамаки чекиши аниқланди.
2021 йилда айнан ёшларимиз орасида ўтказилган сўровнома натижалари шуни кўрсатдики, 13-15 ёшдаги мактаб ўқувчиларининг 1,7 фоизи (ўғил болаларнинг 2,3 фоизи, қизларнинг 0,9 фоизи) носвой чекади. Ўғил болаларнинг 10 нафаридан бир нафари, қиз болаларнинг 20 нафаридан бир нафари носвой чекиб кўрган.
Бу кўрсаткич қайсидир маънода камдек кўриниши мумкин. Аммо бугун ёшларимиз орасида кенг кўламда тарқаб бораётган янги офат - никотинли СНЮСлар кўрсатилган рақамлардан анча кўпроқ рақамларни акс эттирмоқда.
Шу ўринда носвойнинг тайёрланишига тўхталадиган бўлсак, ҳеч биримизга сир эмаски, носвой санитария талабларига мутлоқо риоя этилмаган ҳолда, қўлбола усулда тайёрланади.
Носвой майдаланган тамаки никотиннинг қонга сўрилишини яхшилаш учун қўшиладиган сўндирилган оҳак (кальций гидроксид)дан иборат аралашмадир (ҳар бир ҳудудда ҳар хил қоришмалар асосида тайёрланиши мумкин). Қўшимчалар ўрнида ўсимлик кули, ўсимлик мойи, масалан пахта ёки кунжут ёғи, шунингдек, ширин таъм берувчи қуруқ мевалар ва хушбўй ҳид таратувчи ароматизаторлардан фойдаланилиши мумкин.
Носвойнинг тайёрланиш жараёни ва ҳаттоки сотилиш жараёнида ҳам ҳеч бир санитария қоидаларига амал қилинмаганлигига ҳар биримиз гувоҳ бўлганмиз. Аммо негадир носвой шундай сотилиши керак, шундай истеъмол қилиниши керак ва энг аянчлиси, тўғри келган жойга ноодатий ҳолда чиқинди сифатида бетартиб ташланиши (тупуриш) одатий ҳолга айланган. Ушбу ҳолат тан олишимиз керакки, ён-веримизда кўриб ўсган бизнинг таъбимизни қанчалар хира қилади, тасаввур қилинг-а, юртимизга ташриф буюрган меҳмонлар наздида биз ким бўлиб қоламиз? Баҳо хато қилган ва хатога жимгина қараб турган ҳар бир инсонга берилишини унутмаслигимиз даркор.
Биз оддий деб билган ва ҳатто, бобом нос чекиб 90 ёшга кириб вафот этди ёки мен чекаман соғлиғимдан умуман шикоятим йўқ, деганлар учун, носвой соғлиқ учун нечоғлик хавфли эканлигини тиббиёт тилида асосланган маълумотларни келтиришни жоиз, деб билдик.
Носвой оғиз ва милкларнинг яллиғланиши, милклар атрофияси, кариес ва тишларнинг бузилишига, шунингдек, тиш эмалининг тез емирилишига сабаб бўлади.
Носвой чекиш оғиз бўшлиғи, қизилўнгач ва ошқозоности безида саратон ривожланишига, юрак-томир касалликлари ва сурункали гипертонияга олиб келиши мумкин, ҳомиладорлик пайтида истеъмол қилинганда ўлик бола туғилиши, муддатидан олдин туғилиш ва кичик вазндаги бола туғилиши хавфини оширади.
Носвой чекадиган эркакларда бепуштлик кузатилади, бу сперма ҳажми ва миқдорининг камайиши, фаоллигининг пасайиши ва нуқсонли сперматозоидлар улушининг ортиши билан изоҳланади.
Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда носвой ва бошқа тамаки маҳсулотлари истеъмол қилиниши билан бевосита боғлиқ рак касалликлари туфайли барвақт ўлим 30-69 ёшдаги эркакларда аёлларга қараганда бир неча марта, хусусан, лаб раки 3,5 марта, оғиз бўшлиғи раки 3,8 марта, милк раки 3,1 марта, ҳалқум раки 2,5 марта, ошқозон раки 2 марта кўп учраган.
Ўзбекистонда 1,5 миллиондан ортиқ ҳар куни носвой чекувчининг ярмиси, яъни 765 минг чекувчи барвақт ўлим (70 ёшгача) хавфига дучор бўлади. Агар тегишли чоралар кўрилмаса, бу рақам янада кўтарилиши мумкин. Инсониятнинг биргина носвой ортидаги бу йўқотиши, оилалар бошига тушадиган кулфатлар ўйлаймизки, арзимас рақамларда исботланмаган.
Ҳисоб-китобларга кўра, ҳар йили мамлакатимизда тахминан 15 тонна насвой ишлаб чиқарилади. Бу маҳсулот бозорларда, кўчаларда ва афсуски, таълим муассасаларига яқин атрофда очиқ, эркин ҳолда сотилади. Натижада, носвойнинг нархи фильтрли сигареталар нархидан тахминан 4-5 баравар паст бўлиб, бу унинг ёшлар учун ҳамёнбоплигини таъминлайди.
Ўз навбатида юқорида келтирган барча далилларимиз носвойнинг қонунан тартибга солинишига бўлган эҳтиёжнинг нечоғлик юқорилигини кўрсатиб турибди.
Юқоридаги сабаблардан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Алкаголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги ўз мажбуриятларидан келиб чиқиб, мамлакатимизда носвойни кенг истеъмол қилинишини эътиборга олган ҳолда “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқди ва белгиланган тартибда ваколатли органларга киритди.
Айни вақтда Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси Ўзбекистон Республикасининг “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги янги Қонунини Олий Мажлис Сенати таклифларига мувофиқ қайта кўриб чиқмоқда.
Қонунга асосан, носвойни ишлаб чиқариш ва савдоси тартибга солинади ҳамда нормаларини белгилаш мақсадида стандартларини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.
Хусусан стандартларда белгиланадиган нормалардан носвойни алоҳида 20 дона отим (порция)ни ўз ичига олувчи ўрамларда ҳамда чекувчининг хабардорлигини ошириш мақсадида ўрамларга тасвир ва тегишли матн кўринишдаги тиббий огоҳлантиришлар жойлаштирилиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, носвойни стандартлар асосида ишлаб чиқариш ушбу маҳсулотларга мажбурий рақамли маркировкалашни тадбиқ этишни ва акциз солиғига тортиш имконини яратади.
Қонунда носвой тамаки маҳсулотига тенглаштирилиши ва тамаки маҳсулотига белгиланган барча чекловлар носвойга ҳам тааллуқли бўлиши кўзда тутади. Бундай ёндашув ёшларни носвойдан ҳимоя қилишга замин яратади, кейинги авлод орасида носвой чекилишини кескин қисқартиришга ёрдам беради.
Хулоса қилиб айтганда, носвой айланмасини қонунан тартибга солиш ҳам аҳоли соғлиғини сақлаш, ҳам мамлакат иқтисодиёти мақсадларига хизмат қилади.
