Никимбаев: «Купернинг истеъфоси қимматга тушиши мумкин, ЎФАда эса пул йўқ»

Никимбаев: «Купернинг истеъфоси қимматга тушиши мумкин, ЎФАда эса пул йўқ»

Таниқли футбол мутахассиси Алишер Никимбаев ЖЧ-2022 саралашида Фаластинга (0:2) ютқазиб қўйган Ўзбекистон миллий жамоаси атрофидаги воқеалар бўйича ўз фикрларини айтди.

«Натижа мен учун нохуш кўнгилсизликка айланди. Эктор Купернинг мураббийлик имкониятларига нисбатан аввалдан салбий фикрда бўлсам-да, футболчиларимизнинг маҳорати ғалаба учун етарли деб ўйлардим. Амалда бундай бўлмади», - деб ёзди Никимбаев ўз телеграм каналида.

Мутахассиснинг фикрига кўра, Купернинг истеъфоси ва янги бош мураббийнинг тайинланиши Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси учун жуда қимматга тушиши мумкин. Аввалги раҳбарият эса ЎФА ғазнасини бўшатиб кетган. 

«Энди ЎФА раҳбарияти қийин аҳволда. Уларга мақсад, вазифалар ва миллий жамоа ўйинига мос келмайдиган мураббий аввалги раҳбариятдан мерос бўлиб қолган. Уни истеъфога чиқариш эса жуда қимматга тушади.

Агар Куперни ишдан олиш керак бўлиб қолса, пул зарур бўлади. Бундан ташқари янги мураббий учун ҳам пул керак. Билишимча ЎФА ғазнасида пул йўқ. Чунки жуда ҳам ҳашаматли ҳаёт тарзини кечирган аввалги раҳбарият нафақат Мираброр Усмонов ЎФА ҳисобида қолдириб кетган 2 миллион долларни, балки икки йил ичида тушган бошқа маблағларни ҳам сарфлаб юборган», - деб ёзди Никимбаев.

Мутахассис миллий жамоани ким бошқариши мумкинлиги ҳақидаги фикрларини ҳам баён қилди.

«Молиявий муаммолар Купернинг ўрнига маҳаллий мутахассиснинг тайинланишига олиб келиши мумкин. Футболимиздаги деярли барча таниқли мутахассислар бу лавозимда ишлаб кўргани, бошқалари эса ишлаш учун етарли обрўга эга эмаслигини эътиборга оладиган бўлсак, миллий жамоани ким бошқариши мумкин деган саволга жавоб топиш осон бўлмайди.

ЎФА раҳбариятининг ҳозирги вазифаси янги мураббийни танлаш пайтида (бу эртами, кечми барибир юз беради) аввалги раҳбариятнинг хатосини такрорламасликдир.

Қайсидир номзодни танлашдан олдин миллий жамоанинг кучли ва кучсиз томонларини, келажакда унинг олдида қандай вазифалар ва мақсадлар туришини, ривожланиш йўналиши қандай эканини, турли ёшдаги жамоалар ўртасидаги муносабатлар қандай бўлишини ва номзод буларнинг барчасига қанчалик лойиқ эканини тушуниб олиш шарт», - деб таъкидлади Никимбаев.

Мутахассис мураббий танлашда ўзи ишлаган Қатар Футбол Федерацияси тажрибасидан фойдаланишни таклиф қилди.

«Мисол тариқасида Қатар миллий жамоаси бош мураббийи Феликс Санчесни келтириш мумкин. У Қатарга Aspire футбол академияси лойиҳасига асосан келди. У ерда ёш футболчиларга испанча ўйин услубини сингдирди. Кейинчалик Қатар ёшлар жамоаси билан 2014 йилда Осиё чемпиони бўлди. 2017 йилда эса миллий жамоага тайинланиб, 2019 йилда Осиё Кубогини қўлга киритди.

Футбол федерациясининг узоқни кўзлаган ҳолда олиб борадиган иши шундай бўлиши керак – барча ёшдаги терма жамоалар ягона ўйин услуби ва ривожланишнинг умумий дастури билан бир-бирига боғланиши керак», - деб якунлади Никимбаев.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!