Навоийда 7-синф ўқувчиси тўтини гапиртирадиган “Ақлли қафас” яратди

Навоийда 7-синф ўқувчиси тўтини гапиртирадиган “Ақлли қафас” яратди

Навоий шаҳридаги “Баркамол авлод” болалар марказида 7-синф ўқувчиси “Ақлли қафас” яратди. Ихтиро вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги “Баркамол авлод” болалар марказида ташкил этилган “Ёш олимлар” клубининг очилиш маросимида тақдим этилди. Бу ҳақда Turon24 хабар бермоқда.

“Асосан тўтиқушлар учун мўлжалланган ақлли қафас қушни 15 кунда гапиртира олади, – дейди лойиҳа муаллифи, Кармана туманидаги 4-мактаб ўқувчиси Суҳроб Ҳайдаров. – Чунки унга танланган сўзларни такрорлашга мўлжалланган флешка жойлаштирилган. Шунингдек, қафас тўлиқ автоматик тарзда ишлайди. Унинг эгаси қушини парваришлаш учун ортиқча вақт сарфлашига ҳожат йўқ. Қушга озуқа беришдан тортиб, хона ҳароратига мослаштиришни ҳам қафаснинг ўзи бажаради”.

Янги ташкил этилган клубга 100 дан ортиқ ёш ҳаваскор ихтирочи бола аъзо бўлди. Клуб аъзолари ўз устахоналарида тайёрлаган ихтироларини марказда йиғилиб муҳокама этишлари, бу ердаги махсус устахонада камчиликларини тўғрилашлари мумкин.

“Ёш ихтирочилар” тўгараги аъзолари ўртасида кўплаб танловлар ўтказиб келмоқдамиз, – дейди халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Тоҳир Абдураҳмонов. – Янги ташкил этилган “Ёш олимлар” клуби иқтидорли болаларни бирлаштириб, ўз устиларида яхшироқ ишлаши учун ижодий муҳит бўлиб хизмат қилади”.

Ҳозир ихтирочилар “Ақлли чиқинди қутиси” лойиҳаси устида ишлашмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!