“Навбаҳор” чемпионни енгди

“Навбаҳор” чемпионни енгди

Айни кунларда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро майдонлардаги иштироки сабабли Суперлигада қисқа муддатли танаффус давом этмоқда. Наманганнинг “Навбаҳор” клуби бундан унумли фойдаланиш, футболчиларнинг жисмоний ҳолатини бир маромда ушлаш мақсадида Қирғиз Республикаси премьер-лигасининг икки карра чемпиони, Кантнинг “Абдиш-Ата” жамоасига қарши халқаро ўртоқлик учрашуви ўтказди.

Давлатобод тумани Марказий стадионида бўлиб ўтган учрашувда “Лочинлар” тўлиқ устунликка эга бўлиб, қардошлар дарвозаси олдида кўплаб хавфли ҳужумларни вужудга келтирди. Аммо аксар ҳолларда қирғизлар посбони дарвозабони Кутман Кадирбеков маҳорат кўрсатган бўлса, айрим вазиятларда “Абдиш-Ата” ҳимоячилари бехато ҳаракат қилишди. Майдон эгалари 42-дақиқада Асадбек Собиржонов томонидан киритилган ягона гол эвазига ғалаба қозонди.

– Ўзбекистоннинг кучли ҳамда совриндор жамоаларидан бири бўлган “Навбаҳор”га қарши халқаро ўртоқлик баҳси ўтказганимиздан хурсандман. Мазкур ўйин ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлайди, жамоамиз учун эса Австралиянинг “Сентрал Кост Маринерс” клубига қарши кечадиган ОФК кубоги ҳудудий финал беллашувларидан олдин тажриба оширишга ёрдам беради”, – деди “Абдиш-Ата” жамоасига мураббийлик қилаётган ҳамюртимиз Ислом Аҳмедов. – Тан олиш керак, наманганликлар ўйин савияси ва тажриба борасида жамоамиздан анча кучли. Йигитларимиз номдор рақибга қарши муносиб ўйнашга интилди, бироқ, тажриба ўз сўзини айтди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!