Наманганда вилоят перинатал марказининг 27 нафар масъул ходимига интизомий чора кўрилди

Наманганда вилоят перинатал марказининг 27 нафар масъул ходимига интизомий чора кўрилди

Наманган вилоят перинатал марказида якунланган текширувда муассасада бир қатор ўзибўларчиликлар ва ечимини кутаётган муаммолар борлиги маълум бўлди. Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.

Бошқарма тиббий ҳайъатининг навбатдан ташқари йиғилишида мазкур мониторинг натижалари муҳокама қилинди. Йиғилишда шаҳар ва туманлар туғруқ комплекслари, вилоятдаги даволаш-профилактика муассасаларининг акушер-гинекологлари, перинатал марказ раҳбарлари, бўлим мудирлари, шифокорлари, катта ҳамширалари ва доялари қатнашди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров мониторинг якунлари хусусида маъруза қилди. Унинг айтишича, муассасада президент ва ҳукуматнинг соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга қаратилган фармон ва қарорлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруқлари ижроси тўлиқ таъминланмаяпти. Тиббий-клиник ҳужжатларни юритиш талабларига риоя этилмаган. Санитария қоида ва меъёрлари талаблари етарли даражада бажарилмаяпти. Марказда ижро интизоми ниҳоятда суст.

Қолаверса, дори-дармон таъминоти яхшиланганига қарамай, асоссиз равишда беморларни сарсон қилиш, яъни дорихоналарга йўллаш каби ҳолатлар давом этмоқда. Ошхона таъмирталаб аҳволда, марказий стерилизация пункти иши ўта қониқарсиз. Клиник-биохимик ва бактериологик лаборатория иши талабга жавоб бермайди. Марказда наркотик, психотроп ва прекурсор дорилардан фойдаланишда ҳам камчиликлар кам эмас.

Муассаса ҳудудига кириб-чиқувчи автомобиллар назоратсиз қолдирилган.

Йиғилишда ишни ўз ҳолига ташлаб қўйган раҳбарлар, бўлим мудирлари, катта ҳамширалар ва доялардан изоҳ сўралди. Ҳайъат йиғилиши қарорига кўра 27 нафар масъул шахсга нисбатан интизомий чоралар кўриладиган бўлди. Жумладан, икки нафар ходим вазифасидан четлатилди, тўрт киши огоҳлантирилди, яна тўрт кишига ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима солинди. 17 нафар ходимга ҳайфсан эълон қилинди.

Марказда ишни даволаш-диагностика стандартлари асосида ташкил этиш, муассаса моддий-техник базасини яхшилаш, шифохонада ички инфекция тарқалишига қарши курашиш, кадрлар билим ва кўникмаларини ошириш, оналар ва болалар ўлими ва асоратли туғруқларнинг олдини олиш чораларини кўриш юзасидан зарур тавсиялар берилди.

Turon24


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!