Моди Путин билан ўртасида муҳим муҳокама бўлиб ўтади

A A A
Моди Путин билан ўртасида муҳим муҳокама бўлиб ўтади

Тhe Economic Times'га кўра, Нарендра Моди Москвага ташрифи чоғида Путин билан Ҳиндистон ва Россия ўртасида пул ўтказмалари механизмини муҳокама қилишни режалаштирмоқда.

Нашрнинг қайд этишича, Россия банклари SWIFT тизимидан узилганидан кейин бундай ўтказмаларга эҳтиёж ортган. Чунки Ҳиндистон ва Россия ўртасидаги савдонинг 60 фоизи миллий валюталарда амалга оширилмоқда.

Reuters ёзганидек, Ҳиндистон томони учрашувда Россия армиясига алдов йўли билан жалб қилинган ўз фуқароларини юртига қайтариш масаласини ҳам муҳокама қилишни режалаштирмоқда.

"Ҳиндистонликлар Россияга даромадли иш ваъдалари билан жалб қилинган ва охир-оқибат улар рус қўшинлари сафида Украинадаги урушда қатнашишга мажбур бўлмоқда. Урушда камида тўрт нафар ҳиндистонлик ҳалок бўлган. Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Россия армиясида мамлакатнинг 30 дан 40 нафаргача фуқароси хизмат қилмоқда", деб ёзади Reuters.

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан бери Москвага илк ташрифи 8-9 июл кунларига мўлжалланган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!