Марсликлар ва венераликлар: касбий муносабатлар психологияси
Психологлар фикрига кўра, эркаклар ва аёллар физиологик хусусиятлари билан бир қаторда, руҳий, ҳиссий ва атрофида юз бераётган воқеалар ва турли ҳодисаларга муносабат билдириши билан ҳам фарқланар экан. Эркаклар ва аёллар ўртасидаги психологик фарқлар нафақат оилавий муносабатларда, балки касбий муносабатларда ҳам яққол кўзга ташланади. Бугун деярли барча соҳаларда экаклар ва аёллар биргаликда меҳнат фаолиятини олиб борадилар. Аёллар ва эркаклар руҳий ҳолатидаги фарқларни ўрганиш ва шунга муносиб равишда тўғри меҳнат муносабатларини шакллантириш ва таъминлаш ҳар қандай компания ёки ишхонанинг муваффақият гарови ҳисобланади.
Шу боисдан ҳам ривожланган давлатларда психологлар ва тадқиқотчилар иккала жинс вакилларининг психологияси, мантиқ ва ҳисссиёт оламидаги фарқлар ҳамда ўхшашликлар, уларнинг кучли ва ожиз томонларини ўрганган ҳолда, касбий муносабатларни яхшилаш ва меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қиладиган амалий таклифлар ва хулосалар ишлаб чиқишган.
Хусусан, америкалик тадқиқотчи Жон Грей эркаклар ва аёллар ўртасидаги касбий муносабатларни ўрганар экан, уларнинг бир биридан фарқ қилишини ва уларнинг асл моҳиятини англамаслик натижасида меҳнат муносабатларида эркак ва аёл ходимлар ўртасида тушунмовчилик ва бошқа салбий ҳолатларнинг вужудга келишини таъкидлайди. Тадқиқотчи иккала жинс вакиллари руҳиятидаги фарқларни ва уларнинг касбий муносабатларга таъсирини ўрганар экан, уларни яққол кўрсатиш учун шартли равишда эркакларни “марсликлар” ва аёлларни “венераликлар”, яъни бошқа-бошқа сайёра вакиллари деб таъкидлайди.
Эркак-аёл ўртасидаги муносабатларнинг тарихий ривожланиш босқичларига назар солар эканмиз, эркаклар оила парвариши учун уйдан ташқарида, аёллар эса кўпроқ уй ичкарисида меҳнат қилишганига гувоҳ бўламиз. Ушбу узоқ муддатли тарихий жараён натижасида эркакларда кўпроқ меҳнат ва ҳаракат орқали маълум натижага эришиш, аёлларда эса аксарият ҳолларда мавжуд муносабатларни сақлаб қолиш ва доимий хавфсиз муҳитни яратишга бўлган табиий инстикт шаклланган.
Ушбу психологик хусусиятларни касбий муносабатлар доирасида таҳлил қилар эканмиз, эркаклар ва аёллар ўртасида иш юзасидан олиб бориладиган мулоқотларга эътиборни қаратиш аҳамиятли ҳисобланади. Хусусан, ўзаро мулоқот давомида “марсликлар” ва “венераликлар” бир хил сўзларни ишлатишсада, аслида маъно жиҳатдан бир-биридан фарқли тушунчаларни назарда тутган бўлишлари мумкин. Бу эса касбий муносабатларда эркак ва аёл ходимлар ўртасидаги тушунмовчиликка олиб келиши табиий ҳол.
Мутахассислар фикрига кўра, ишхона ва офисларда аёллар эркакларга қараганда кўпроқ руҳий ва ҳиссий босим остида бўлади. Шу боисдан, уларнинг фикрлари, ғоялари ҳурмат қилинишига ва қўллаб-қувватланишга кўпроқ эҳтиёж сезишади. Бу ҳолат уларнинг касбий мулоқотда маълум вазиятга муносабат билдириш жараёнида ҳам кўриниши мумкин.
Эркаклар асосан муаммоларни ҳал қилиш ва топширилган вазифаларни бажариш юзасидангина мулоқотга киришади ҳамда тегишли ахборотни етказишга ҳаракат қилади. Аёллар учун эса касбий мулоқот муаммоларни ечиш билан бир қаторда, ушбу жараёнда юзага келадиган стрессларни ва босимларни камайтиришни, креативлик ва янги ғояларни кашф қилишни ифодалашни ҳам ўз ичига олиши мумкин. Демак, касбий мулоқот жараёнида аёл киши фақатгина тегишли маълумотни ифодалашдан ташқари, ўз кечинмалари ва ҳиссиётларини ҳам шунчаки маълумот ўрнида баён қилиши мумкин. Бу мулоқот жараёнини тўғри талқин қилиш ва тушуниш меҳнат муносабатларида муҳим аҳамиятга эга. Масалан, аёл киши “Бугун жуда оғир кун бўлди” – деб руҳий ва ҳиссий ҳолатини баён қилиши мумкин. Бунга жавобан бошқа бир аёл “Ҳа, шундай жуда қийин кун бўлди” деб ҳамкасбини руҳан қўллаб-қувватлайди. Натижада эса, “венераликлар” ўзаро бир-бирларини тушунганликларини ва бирдам эканликларини изҳор қилишади ҳамда руҳий босимни камайтиришади.
Худди шу вазиятга, яъни аёл кишининг “Бугун жуда оғир кун бўлди” деган руҳий ҳолатига “марслик” (эркак киши) қандай муносабат билдириши мумкин? Катта эҳтимол билан “Йўғее, бу ҳеч нарса эмас, мен бундан ҳам оғир кунларни кўрганман” – деб фикр билдириши ва бу орқали аёл кишига руҳан далда бердим деб ўйлаши табиий. Аслида эса, бу “венералик” кутган жавоб бўлмаслиги мумкин! Аёл киши руҳий ҳолатини баён қилаётганда унга фақат ишонишларини ва уни қўллаб-қувватлашларини хохлайди.
Бундан ташқари, муаммоларга ечим топишда эркаклар ва аёллар ўртасидаги ёндашувлар фарқланади. Хусусан, эркаклар агар муаммони ечиш имконияти бўлмаса уни муҳокама қилиш ёки у ҳақида гапиришдан маъно йўқ деб ҳисоблаган бир пайтда, аёллар бу муаммони ечолмасак ҳам, у ҳақида гаплашишимиз мумкинку, деган фикрда бўлишади. Бу эса “марсликлардан” “венераликларни” тўғри тушунишларини ва кўпроқ тинглаш қобилиятини ривожлантиришларини талаб қилади.
Юқоридагиларга асосланиб айтиш мумкинки, эркаклар ва аёллар ўртасидаги руҳий ва ҳиссий фарқларни инобатга олиш ҳамда муваффақиятли уйғунликни таъминлашгина соғлом меҳнат муносабатларининг асоси бўла олади.
Ушбу қисқа мақоладан кўзланган асосий мақсад – ижобий касбий муносабатларнинг шаклланишида баъзан қонунчилик ёки меҳнат шартномаси қамраб ололмайдиган жиҳатлар ҳам мавжудлигини кўрсатишдан иборат. Ёзилган фикрлардан қандай хулоса чиқаришни эса ўқувчига қолдирамиз.
Муроджон Мустафоев, мустақил тадқиқотчи
