Малайзия ва Таиландда яна кучли ёмғир кутиляпти
Яқиндагина давомли ёғингарчиликдан жиддий зарар кўрган Жануби-шарқий Осиё давлатлари – Таиланд ва Малайзияда яна кучли ёмғир ёғиши эҳтимоли бор. Ўн минглаб одам аллақачон уйини ташлаб кетгани боис, ҳар икки давлатда махсус бошпаналар қурилган. Қутқарув гуруҳлари ташкил этилиб, кейинги эвакуация режалари тузилган.
Бу ўлкаларда бир неча кун давом этган муссон ёмғири ҳалокатли сув тошқинларини келтириб чиқарди. Ўнлаб одамлар ҳалок бўлди.
“Ал-Жазира” ёзишича, ҳукуматлар янада кучлироқ ёмғир бўлишидан огоҳлантирмоқда. Табиий офатларнинг олдини олиш ва оқибатини юмшатиш департаменти маълумотига кўра, Таиланд жанубида сўнгги бир ҳафтада 25 киши тошқин қурбонига айланиб, 300 мингдан кўп хонадон зарар кўрган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 34 354 одам кўчирилгани, 491 инсон ҳукумат бошпанасида қолгани ҳақида хабар берган.
Энг кўп зарар кўрган Паттани, Наративат, Сонгхла ва Яла вилоятларида қутқарув гуруҳлари жойлаштирилиб, ҳудудларга 50 миллион бат (1,45 миллион доллар)дан ёрдам ажратилган. Вазирлар Маҳкамаси жабрланган ҳар бир оила учун 9000 бат (260 доллар) миқдорида маблағ ажратилишини маъқуллади.
Бир неча провинцияда сув сатҳи пасайган бўлса-да, пайшанбагача яна кучли ёмғир ёғиб, тошқин хавфини ошириши кутиляпти. Расмийлар бошпана, сув сўрувчи ускуна, қутқарув машинаси ва қайиқларни тайёрлаб қўйган.
Ўтган ҳафта Малайзия шарқий қирғоғида беш кун давом этган кучли ёғингарчилик оқибатида олти киши ҳаётдан кўз юмди. Мамлакат шимоли-шарқидаги Келантан штати ва қўшни Теренггануда уйлар, йўллар вайрон бўлди. Табиий офатни бошқариш миллий маркази маълумотига кўра, 91 мингга яқин одам ҳамон уйини тарк эта олмаяпти. Умумий зарар 224 миллион долларга баҳоланмоқда.
Дам олиш кунлари ёмғир сусайган бўлса-да, Бош вазир Анвар Иброҳим сешанба куни ҳукумат кучли ёмғирга тайёргарлик кўраётгани, якшанбада муссон прогнози яна кўтарилишини тахмин қилди.