Лукашенко Россиядаги сафарбарликни танқид қилди

Лукашенко Россиядаги сафарбарликни танқид қилди

Шунингдек, у “Махсус ҳарбий операция”да иштирок этаётганини тан олди.

Беларусь “махсус ҳарбий операция”да иштирок этмоқда, аммо умумий ҳарбий сафарбарлик бўлмайди. Бу ҳақда мамлакат президенти Алерксандр Лукашенко маълум қилди.

Бугун Беларусь президенти ҳарбий хавфсизлик масаласида йиғилиш ўтказди. Унда дунё ва минтақадаги жорий хавфсизлик ҳолатлари муҳокама қилинди.

Лукашенко беларуслик ҳарбийлар Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмаётганини, аммо қочқинлар қабул қилиш ва ярадорларни даволаш йўлга қўйилганини таъкидлади.

“Аммо биз ҳеч кимни ўлдирмаяпмиз. Биз ҳеч қаерга ҳарбийларни жўнатмадик. Ўз мажбуриятларимизни бузмадик”, – деган сиёсатчи.

Украинада ҳарбий можаро бошланиши билан Россия армияси Беларусь ҳудудидан фойдаланган. Лукашенко ҳам мамлакатдан украин қуролли кучларига ракета зарбалари берилганини тан олганди.

Шу билан бирга Минск сафарбарлик эълон қилмаслиги қайд этилган.

“Россия сафарбарлик эълон қилгандан кейин у ерда кузатилаётган камчиликларни кўрдик. Бу РФнинг ички масаласи, қандай сафарбарлик ўтказиш кераклигини уларга ўргатмаймиз. Аммо чақирув қоғозлари жўнатилганда аксарият одамлар Россияда эмаслиги маълум бўлди. Кимдир вафот этган, кимдир қочиб кетган, кимдир касал. Бу биз учун дарс бўлиши керак”, – деб қўшимча қилган Лукашенко.

Беларусь раҳбари, шунингдек, ҳосил йиғим-терим кампанияси тугаши билан ҳарбий комиссарликларга одамларни чақиришни ва уларнинг бор-йўқлигини аниқлашга топшириқ берган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!