Курьерлик жўнатмаларидаги қинғирликлар фош этилди

Курьерлик жўнатмаларидаги қинғирликлар фош этилди

Божхона ходимлари томонидан халқаро курьерлик жўнатмалари орқали “тижорат мақсадлар учун мўлжалланмаган” ниқоби остида бир хил турдаги товарларни жўнатиш ҳолатлари ўз вақтида фош этилмоқда.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Бош почтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари почта жўнатмалари орқали товарларнинг ноқонуний олиб ўтилишига доир навбатдаги уринишларни фош этишди.

Жумладан, хориждан фуқаро С.Ш. номига юборилган халқаро курьерлик жўнатмаси божхона назоратидан ўтказилганда,  “автомашина ҳавосини тозаловчи”  ниқоби остида ҳужжатларда кўрсатилганмаган 300 дона “E.A MASK ES 020” номли  таркибида диоксид хлор моддаси бўлган хавони дезинфекция қилиш воситалари (вирус-блокатор) борлиги аниқланди. Аниқланган товарнинг умумий қиймати 121,6 млн. сўмни ташкил этди.

Шунга ўхшаш ҳолатда, пойтахтимиздаги курьерлик ташкилотлардан бири товарларни божхона тўловларидан четлаб ўтишнинг антиқа усулини қўллагани “Бош почтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан фош этилди.  Устомонлар салкам бир тонна оғирликдаги  “Мебел ва мебел қисмлари” товарини “тижорат мақсадлар учун мўлжалланмаган” ниқоби остида 37 та почта жўнатмаларига бўлиб олиб кирганлиги маълум бўлди. Аниқланган 37 дона “Мебел ва мебел қисмлари” товарининг умумий қиймати 20 млн. сўмни ташкил этди.

Шунингдек, хориждан келган халқаро курьерлик жўнатмаларини божхона назоратидан ўтказиш натижасида, 121 ўриндан иборат жўнатмаларда божхона декларациясида кўрсатилмаган 1106 дона кийим-кечак ва пойабзаллар борлиги аниқланди.

Шу тариқа қонунбузарлар курьерлик жўнатмалари орқали қиймати салкам 110 миллион сўмлик товар-моддий бойликларни олиб киришга уринишганлиги маълум бўлди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!