Коронавирус пандемиясидан бутунлай халос бўлсак, кейин нима қиламиз?

Коронавирус пандемиясидан бутунлай халос бўлсак, кейин нима қиламиз?

Беш юзта, балки унданам кўпроқ мақола ёзгандирман, бадиий публицистика, ҳикоялар қоралагандирман, аммо бирортасига “Интизом” деб сарлавҳа қўймабман. Мен ва миллионлаб инсонлар риоя қиладиган ҳаёт тарзининг ўнлаб қирралари ичида энг ўткири интизом эканлигини чуқурроқ ўйлаб кўрмаган эканман. Унинг нима эканлигини бизга коронавирус пандемияси билдирди, кўзимизни очди, интизомни бор-будича кўрдик. Карантин қоидасига риоя қилганларни интизомли дейишди. Вирусдан омон қолай деган оналар уйида болаларини бағрига босиб, эртак айтиб берди. Топишмоқ, шеър айтишни ўрганди. Онлайн дарсларига ёрдам берди, бирга-бирга ўқитувчи бўлиб ўқитди.  Бу хил интизомга мажбурий кўникди. Уйда ўтириб қонунларни ҳурмат қилди, Президентимиз кунора таъкидлаётган “Бу балодан халқни интизом қутқаради!” деган хитобига риоя қилишди. Кўриб турдим – ҳеч ким айтмаса ҳам аёлим, болаларим, невараларим ва бошқа минглаб кишилар  заруратдан кўчага, дўконга чиқсалар, юзига ниқоб тақди.

- Мана бу арифметик масалани тушунтириб беринг, неварам иккимиз тушунмаяпмиз,  - дея кириб келади ён қўшнимиз Мастура опа. - Телеканалдан онлайн юборилаётган дарс мавзуси, биз тўғри ечсак муаллими баҳо қўяди”.

- Жуда яхши-да, Мастура опа, - дейман аёлнинг 2-синфда ўқиётган набирасининг дарсларига ёрдамлашаётганидан хурсанд бўлиб. Арифметик масала шартлари ва ечимини буви билан набирага тушунтираман. Илмни, мактабни, ўқитувчи меҳнатини тушуниб, қадрлаб, юракдан ҳис этаётганлар кўпайгани яхшида.

- Ўқитувчининг жонига тўзим берсин-е, - дейди аёл. - Икки ойдан бери уч неварамга дарс ўргатаман деб эсим оғиб қолаёзди. Бошим оғрийди. Карантин тугаб инфекцияга чалинганлар тезроқ тузалса эди.

Ҳафтада бир кун дўконга, дорихонага, бозорчага чиқаман. Йўлда учраган танишлар оралиқ масофа сақлаб юзида ниқоб билан бош ирғаб саломлашади.

- Юрагим зўр ишлаяпти, - дейди доимо ҳазил-ҳузул қиладиган дўкондор Шавкат ака. - Шу десангиз, жўра, тўйиб овқат еявериб, қорин қўйиб ҳаётнинг мазмунини унутиб қўйган эканмиз. Ҳар куни тўй, меҳмонлар кетгач ошпазлар иззат кўрсатиб дастурхон ёзишади, “юз-юз” бўлади, маишат, текин таом, ярим оқшом... кейин юрак безовта қилишини кўринг. Карантин, пандемия кўзимни очди – мана, бўларкан-ку! Соғлом турмуш тарзи, энг зўри – интизом! Насиб бўлса, карантин тугаса, тўйларни ихчам ўтказиш, 100 кишини таклиф қилиб кексалар дуосини олиш, бўлди! Одамлар ўрганди, бадавлатлар муҳтожлар ҳолини кўрди, уларга ёрдам беришни ўрганди.

Қон босими доимо юқори юрадиган одамлар ўз-ўзидан тузалиб қолди - дори ичмаяпти, дўхтирга бормаяпти. Сабаби, коронавирус  инфекцияси юқмасин, уйда ўтирай, дейди. Кўп емайди ва кўп ухламайди. Вирусдан омон қолайин деб ўзи, болалари ва оиласи интизомга ўрганди. Гигиена қоидаларига риоя қиляпти.

Карантин қоидалари эрта-индин юмшатилиб, одамлар ўзини, ҳаётини ўзи асрайдиган бўлади. Ниқоб тақишни одат қиламиз, соғлом турмуш тарзига қатъий риоя қилинади. Соғлом турмуш тарзи, уйда ўтириш, сабр-тоқат, фарзандлар шодлиги ва қувончи, булар – умр саодати, масъулият! Сўровимга юзлаб кишилар шундай жавоб беришди. Дунё мамлакатларидаги пандемиянинг аянчли аҳволи, нохуш вазият, даволаниш мураккаблиги, шифокорлар етишмаётгани, ўлим ҳолатлари одамни ҳушёрликка чорламоқда. Тириклик неъмати нақадар азиз.

- Ҳаёт баъзан ўта шафқатсиз бўлади, - дейди психолог танишим. -  Дард бошингга соя солса, ҳеч ким суянчиқ бўлолмайди. Буни коронавирус   инфекциясига чалинган беморлар нигоҳида кўрдик, соғайиб шукрона айтиб шифокорларга миннатдорлик билдиришмоқда.

Ҳаётда тушунтириб бўлмайдиган ҳодисалар бор, Covid -19 ҳодисаси одамларни бирликка, оғир кунларда бир-бирларини қўллаб-қувватлашга, муҳтожларга кўмак беришга ўргатди. Оиласи, уйи, фарзандлари даврасида йиллаб ўтирмайдиганлар борлиги маълум бўлди. Интизом одамларнинг ҳаёт тарзига айланди. Мактабни хушламайдиган ўқувчилар илм даргоҳини соғинди, синфдошлари, дўстларини соғинди. Мактаб ижтимоий институт, ўқувчининг иккинчи уйи, иккинчи оиласи. Бу ерда тарбия бор, бола ҳаёти, келажаги мужассам. Муаллим иккинчи ота-она. Буни кўпчилик ота-оналар тушунмасди, энди тушунди.

Интизом меҳр-оқибатнинг бир неъмати экан.

Убай ҚОДИР


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!