​Жиззахда қабртошлар ўғриси ушланди

​Жиззахда қабртошлар ўғриси ушланди

Жиззах вилояти, Шароф Рашидов туманидаги «Ғойиб ота» қабристонидан қабртошларини ўғирлаб сотган шахсга нисбатан ҳукм ўқилди. Ушбу жиноий қилмишнинг ғайритабиийлиги шундаки, жабрланувчилардан бири айнан ана шу қабристонда 6 йилдан буён назоратчи бўлиб ишлайди. Жиноий қилмиш “қаҳрамони” ўғирлаган қабртошлардан бири айнан унинг марҳум отаси учун ўрнатилган бўлган...

Насим МАННОНОВ, Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги “Ғойиб ота” қабристонида Назоратчи:

— Биз оиламиз билан марҳум отамизнинг қабригажорий йилнинг 10-март куни1 миллион 200 мингга қора мармартош ўрнатган эдик. Чунки 16-март куни марҳум отам Пўлат Манноновнинг туғилган кунлари эди. 1-апрель куни эрталаб соат 7 лар атрофида қабристонни кузатиб чиқаётувдим, марҳум отам қабрига ўрнатилган мармар тошнинг йўқлигини кўриб қолдим, аммо аввалига ишонгим келмади. Шундан сунг атрофга яна хам синчковлик билан назар ташладим. Шунда нарироқдаги яна битта қабрга ўрнатилган мармартошнинг йўқлигига кўзим тушди. У қабр эса марҳум Қурваной Хидированики эди. Шундан сўнг дарҳол Зиёкор маҳалла участка нозирига қўнғироқ қилдим. Улар кўпчилик бўлиб келишди. Жиноят ишларидан келган ходимлар бўлган воқиани ўрганиб чиқишди. Кейин ўрганишлардан маълум бўлишича, ўғирликни содир этган шахс ўша куни қабристон қоровулларидан бирининг қўл телефонидан қўнғироқ қилиб, такси чақирган. Воқеа содир бўлганининг эртасаигаёқ ўғирликни содир этган шахс топилди. ИИБ ходимлари бизга мармарни қайтариб олиб келиб беришди, биз бундан жуда мамнун бўлдик. Сўнгра тошга қайта ишлов бериб, бошқатдан ўрнатдик.

МАЪЛУМОТ УЧУН: Ҳозирги кунда Ғойиб ота қабристонида 1 минг 44 нафар марҳумларнинг қабрлари бор. 50 фоизида қора мармар тошлар ўрнатилган.

Жиноий иш ҳужжатларига кўра, мазкур жиноий қилмишни содир этган шахс 1993 йил 7 январда Ғаллаорол туманида туғилган бир нафар фарзанднинг отаси, аммо оиласи билан ажрашган Файзуллаев Амир бўлиб чиққан. У Ўзбекистон Республикаси ЖК 169-моддаси 3-қисми “а” банди ва 134-моддаси 1-қисми билан айбланган. Ушбу жиноий иш 2018 йил 12 октябр куни жиноят ишлари бўйича Шароф Рашидов туман судининг очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди. Суд мажлисида қабрни таҳқирлаганайбланувчи А.Файзуллаев айбига тўлиқ иқрор бўлган. Қилмишидан пушаймонлиги, ўзи касалманд эканлигини инобатга олиб енгиллик беришни сўраган.

Ғиёсиддин ЯЛГАШЕВ, Жиноят ишлари бўйича Шароф Рашидов туман суди раиси:

— Жиноий иш ҳужжатларига кўра, 2018 йил 1 апрель куни соат 19 ларда судланувчи Файзуллаев Амир Анатольевич Шароф Рашидов туманидаги «Ғойиб ота» қабристонига кирган. Қабристондан 2 дона қабртошини ўғирлаган. Судланувчи ўғирлаган қабртошларнинг бири марҳум Маннонов Пўлат қабрига ўрнатилган бўлиб, 800 000 сўмга қора мармардан ясалган. Иккинчи ўғирланган қабртоши эса марҳума Хидирова Қурвонойнинг қабрига ўрнатилган бўлиб, 1 250 000 сўмга қора мармардан ясалган. Амир ушбу тошларни Самарқанд шаҳридаги қабртош устахонасига олиб бориб, қабртошлардаги ёзувларини ўчиртириб, тошларни 570 000 сўмга сотиб юборган. Жиноят ишлари бўйича Шароф Рашидов туман судининг 12 октябрь кунги ҳукмига кўра, Амир Файзуллаев Ўзбекистон ЖК 134-моддаси (Қабрни таҳқирлаш) бўйича айбдор деб топилиб, унга нисбатан 3,5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Darakchi.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!