Жапаров Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Ташиевнинг истеъфога чиқиши сабабини айтди
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари Камчибек Ташиевни лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги қарор миллий тинчлик учун қабул қилинган.
Бу ҳақда президент Садир Жапаров “Хабар” ахборот агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
“Бизнинг дўстлигимиз сақланиб қолмоқда. Ташиевни лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги қарор миллий тинчлик ва жамоатчилик тотувлиги учун қабул қилинди. Уни ишдан бўшатишдан олдин мен дўстимга қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтирдим. Бундай тезкор қарор қабул қилиш орқали мен уни қутқариб қолдим. Сабаби, унинг атрофидагилар уни нотўғри йўлга олиб боришган”, деди Жапаров.
Унинг сўзларига кўра, МХДҚ раҳбарининг истеъфога чиқишига айрим сиёсатчиларнинг парламентни Ташиев жамоаси ва давлат раҳбари жамоасига бўлишга уриниши сабаб бўлган.
"Ҳаммаси Жогорку Кенешдан (парламент) бошланди. Баъзи парламент гуруҳлари депутатларни таклиф қила бошладилар ва уларни генерал ёки президент томонида эканлигига қараб ажратдилар. Агар мен тезкор ва қатъий чоралар кўрмаганимда, келишмовчилик оддий одамларга ҳам тарқалиши мумкин эди. Шунинг учун мен бу қарорни қабул қилишим керак эди", деб таъкидлади Жапаров.
Эслатиб ўтамиз, 10 февраль куни Жапаров Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Ташиевни ишдан бўшатди, у 2020 йил октябридан бери бу лавозимда ишлаб келаётган эди.
