ИТБ Ўзбекистонга 1,3 млрд доллар тақдим этади

ИТБ Ўзбекистонга 1,3 млрд доллар тақдим этади

Ўзбекистон ва Ислом тараққиёт банки (ИТБ) мамлакатга 1,3 млрд долларлик маблағ ажратишни кўзда тутувчи 2018−2021 йилларга мўлжалланган стратегик ҳамкорлик битимини имзолади. Бу ҳақда 18 сентябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган «ИТБ гуруҳи куни» анжуманида маълум қилинди, дея хабар беради «Газета.uz».

Ҳужжатга Бош вазир ўринбосари, Инвестициялар бўйича қўмита раиси Суҳроб Холмуродов ҳамда Ўзбекистонда ташриф билан бўлиб турган ИТБ президенти Бандар Ҳажар имзо чекди.

Бандар Ҳажар банк иқтисодиёт ва инновацион фаолиятни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.

ИТБ маълумотларига кўра, ажратилаётган кредитларнинг 475 млиллион доллари энергетика, транспорт ва шаҳарларни ривожлантириш, 300 миллион доллари қишлоқ жойларда турар жойлар ва инфратузилмаларни қуриш, 140 миллион доллари ижтимоий ривожлантиришга ва 85 миллион доллари хусусий бизнес лойиҳаларига йўналтириш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон 2003 йилдан буён ИТБ аъзоси ҳисобланади. Аввал банк соғлиқни сақлаш, таълим, ирригация ва мелиорация, энергетика, сув таъминоти, коммунал хўжалик, йўл инфратузилмасини ривожлантириш, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш соҳаларидаги 26 та лойиҳа учун 1,4 миллиард доллар ажратган эди.

Manba: daryo.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!