Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган сўнгги ҳужумида 46 нафар фаластинлик ҳалок бўлди

Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган сўнгги ҳужумида 46 нафар фаластинлик ҳалок бўлди

Исроил ҳарбийлари 16 апрель куни Ғазо секторида ташкил этган ҳужумлар оқибатида 46 нафар фаластинлик фуқаро ҳалок бўлди. Бу ҳақда Anadolu нашри араб манбаларига асосланиб, хабар берди.

Манбага кўра, сўнгги 24 соат ичида Ғазодаги шифохоналарга 110 нафар ярадор олиб келинган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудларда жароҳатланганлар сони ошиши мумкинлигини инобатга олиб, тайёргарлик даражасини оширишни буюрган.

“Кўп одамлар ҳали ҳам вайроналар остида қолиб кетмоқда. Қутқарувчилар уларга етиб бора олмаяпти”, — дейилади расмийлар баёнотида.

Тасдиқланган манбаларга кўра, ўтган йилнинг октябрь ойидан бери Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган ҳужумларида жами 33 843 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. 76 575 нафар фуқаро жароҳат олган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, Исроилнинг Ғазога қарши уруши озиқ-овқат, тоза сув ва дори-дармонларнинг кескин танқислиги шароитида ҳудуд аҳолисининг 85 фоизини ички кўчишга мажбур қилган. Айни пайтда анклав инфратузилмасининг 60 фоиздан ортиғи шикастланган ёки вайрон бўлган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!