Париждаги ЮНЕСКО Бош қароргоҳида Туркий дунёнинг буюк меъмори Ажами Нахчивонийнинг 900 йиллиги нишонланди
2025-йил 15-декабр куни Париждаги ЮНЕСКО Бош қароргоҳида Туркий маданият ва мерос жамғармаси ташаббуси билан Озарбайжон Республикасининг ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси, Озарбайжон Республикасининг ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси ҳамда Озарбайжон Меъморлар уюшмаси ҳамкорлигида машҳур озарбайжон меъмори Ажами Нахчивонийнинг 900 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир доирасида Туркий маданият ва мерос жамғармаси томонидан нашр этилган “Озарбайжон меъморий меросининг даҳоси: Ажами Нахчивоний – 900” номли китоб тақдимоти ҳамда буюк меъморнинг бой ижодий меросини намойиш этувчи кўргазма ташкил этилди. Мазкур нашр озарбайжон, рус ва инглиз тилларида чоп этилди.
Тадбирнинг асосий мақсади Ажами Нахчивонийнинг жаҳон меъморчилиги тарихига қўшган беқиёс ҳиссасини, озарбайжон меъморлик мактабининг умуминсоний қадрият сифатидаги аҳамиятини ҳамда туркий дунёнинг инсоният маданий меросини шакллантиришдаги ўрнини халқаро жамоатчиликка таништиришдан иборат бўлди.
Тадбирда сўзга чиққан Туркий маданият ва мерос жамғармаси президенти, хоним Ақтоти Раимқулова ушбу тадбир 15-декабр — Туркий тиллар оиласи куни билан уйғун ҳолда ўтказилганини таъкидлаб, унинг рамзий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди. У Ажами Нахчивонийнинг ижодини туркий дунёнинг интеллектуал ва маънавий меросининг ёрқин ифодаси сифатида юксак баҳолади ҳамда унинг меъморий дурдоналари юксак техник маҳорати, фалсафий теранлик ва маданий ўзликни уйғунлаштирганини қайд этди. Шунингдек, юбилей тадбирининг ЮНЕСКО ҳомийлигида ўтказилиши унинг мероси халқаро миқёсда эътироф этилганидан далолат беришини таъкидлади.
Шунингдек, тадбирда Озарбайжон Республикасининг ЮНЕСКО ҳузуридаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Элман Абдуллаев, ЮНЕСКОнинг Маданият бўйича бош директор ёрдамчиси Эрнесто Оттоне Рамирес, Озарбайжон Меъморлар уюшмаси котиби Расим Бабакишиев ҳамда Озарбайжон Республикасининг ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси вакили Нигар Раҳимли нутқ сўзладилар.
Тадбир тантанали руҳда ўтказилиб, маданий меросни асраш ва тарғиб этишда халқаро ҳамкорликнинг муҳим аҳамиятга эга эканини яна бир бор тасдиқлади.
