Андижонда 25 нафар алимент тўламай юрган оталарнинг жавобгарлиги кўриб чиқилди
Жорий йилнинг 12 декабрь куни Мажбурий ижро бюроси Пахтаобод туман бўлими мусиқа мактаби биносида алимент тўловидан бўйин товлаб юрган шахсларнинг жавобгарлик масаласи сайёр судда кўриб чиқилди.
Маълумотларга кўра, Бюронинг Пахтаобод туман бўлими иш юритувида алимент ундируви билан боғлиқ 2,5 мингта ижро ҳужжати мавжуд бўлиб, жорий йилнинг ўтган даврида олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида 10 млрд. сўмдан зиёд алимент пуллари ундирилиб, ундирувчиларга топширилган.
Жорий йилнинг ўтган даврида фарзандлари моддий таъминотидан бўйин товлаб келган 132 нафар қарздор шахсларга маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган.
Сайёр суд жараёнида алимент тўловига бефарқ бўлган 25 нафар оталарнинг иши жиноят ишлари бўйича Пахтаобод туман суди томонидан кўриб чиқилди.
Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро судининг суд буйруғига биноан Н.А. ундирувчи Н.О. фойдасига
1 нафар фарзанди учун алимент тўлаши керак бўлса-да, ўз вақтида алимент пулларини тўламай келган. Оқибатда қарздорлик 22 млн. сўмдан ортиб кетган.
Қарздор Т.Н. ҳам бир нафар фарзанди таъминотига лоқайдлик билан қараб, 33 млн. сўмдан зиёд алимент қарзини тўламай келган.
Тадбир давомида фарзандларининг моддий таъминотидан бош тортиб келган 22 нафар қарздорларга нисбатан 15 сутка қамоқ жазоси белгиланган бўлса, 3 нафар қарздорлар алимент қарзларини тўлиқ тўлаб юборганлиги учун суд залида жавобгарликдан озод этилди.
Бу каби тадбирлар авваламбор болалар манфаатларини ҳимоя қилиш, ота-оналарнинг масъулиятини ошириш ва ижтимоий адолатни қарор топтиришга албатта хизмат қилади.
✍️Фахриддин Қутбидинов, Бюронинг Пахтаобод туман бўлими бошлиғи
