Инновацион қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхонага пресс-тур ташкил этилди
Андижон вилояти ҳокимлиги, «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси, Давлат экологик экспертизаси маркази ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вилоят бошқармаси ҳамкорлигида «Эверест базальт» МЧЖга ОАВ вакиллари ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди. Унда корхона раҳбар ва ходимлари, масъул мутасаддилар, соҳа мутахассислари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Дастлаб, корхона мутахассислари тадбир иштирокчилари учун матбуот анжумани. Унда корхона раҳбари инвестиция лойиҳаси, маҳсулот тури ва сифати, ишлаб чиқариш жараёни ва қуввати, экспорт салоҳиятлари ҳақида тўлиқ маълумот берди.
Таъкидланишича, «Эверест базальт» МЧЖ — 2024 йилда ўз ишини бошлаган базальт тоши асосидаги янги авлод иссиқлик изоляция материаллари ишлаб чиқарувчи корхона бўлиб, мажмуа Ўзбекистон Республикаси Андижон вилояти Андижон туманида жойлашган. Юқори сифат, техник ва жисмоний афзалликларнинг кенг доираси ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг ўзига хос хусусиятлари бўлиб, харидорга нарх ва жисмоний хусусиятлар бўйича мақбул бўлган материални танлашга замин яратади.
Сўнгги йилларда барча қурилиш лойиҳаларида энергия тежамкорлик вазифаси қўйилмоқда. Шу боис базальт хомашёсига талаб ошиб бормоқда. Таҳлилларга кўра, мамлакатимизда бундай маҳсулотдан тайёрланган плиталарга йиллик талаб 80 минг тоннани ташкил этади.
Корхонанинг ишлаб чиқариш қувватлари ва жиҳозлари эса катта ҳажмдаги объектларни керакли миқдордаги иссиқлик изоляцияси материаллари билан таъминлаш, бундан ташқари, оддий аҳоли учун шахсий буюртмаларни ишлаб чиқариш имконини беради. Базальт тошидан йиллик 25 минг тонна изоляцион плиталар ишлаб чиқариш қувватига эга ушбу корхона Ўзбекистон ва жаҳон бозорларига ўз маҳсулотларини тақдим этишни режалаштирган. Хусусан, Россия ва қўшни давлатларга қарийб 10 миллион долларлик экспорт қилиш кўзда тутилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати эса 10 миллион долларни ташкил қилади.
Хитой давлатининг замонавий ускуналар келтириб ўрнатилган, маҳаллий аҳоли учун 150 та янги иш ўринлари ташкил қилган. Корхонанинг барча маҳсулотлари сертификатланган бўлиб, юқори сифатга эга ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беради.
Белгиланган мустаҳкамлик, кимёвий ҳамда иссиқликка чидамлилик ва маълум электр изоляциялаш хусусиятларига эга базальт изоляция материалларини ишлаб чиқариш учун мос базальт жинсларини тадқиқ қилиш ва танлаш бўйича кўп ишлар амалга оширилган. Бунда кимёвий таркиби ва ишчи хусусиятлари бўйича керакли кўрсаткичларга эга базальт жинсларидан фойдаланилган.
Пресс-тур давомида ОАВ вакиллари базальт хом ашёси, замонавий технологиялар, келгусидаги режалар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлишди. Корхона лабораториясида мутахассислар синов жараёнларини амалий намойиш этишди.
Шунингдек, пресс саёҳат иштирокчилари базальт тоши асосидаги иссиқлик изоляция материалларини замонавий шаҳарсозликда қўллаш жараёнлари билан яқиндан танишишди. Ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан жавоб олишди.