Иккиламчи чиқинди савдоси билан ноқонуний шуғулланганлар жазоланди
Амалдаги тартибга кўра, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмиш ҳамда чиқинди йиғиш пунктлари ташкил этиш борасида белгиланган талаблар мавжуд.
Полигонларга кўмиш учун йўналтириладиган қаттиқ маиший чиқиндилар ҳажмини камайтириш, санитария ва экологик меъёрлар талабларига мувофиқ келадиган замонавий қаттиқ маиший чиқинди полигонларини яратиш, шунингдек, мавжуд полигонларни ёпиш ва рекультивация қилиш бўйича бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилган.
Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркульяр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги, вилоят экология, атроф муҳит муҳофазаси ва иқлим ўзгариши бошқармаси, ИИБ ва солиқ органлари масъуллари томонидан жойларда экологияни яхшилаш, туризм салоҳиятини ошириш ҳамда ўрмон хўжалиги ерларидан самарали фойдаланишни таъминлашга доир ўрганишлар олиб борилмоқда.
Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, Хоразм вилоятида навбатдаги назорат рейд тадбирлари ўтказилди.
Рейд давомида Хива шаҳрининг “Қиёт” ва “Гулшан-2” МФЙ ҳудудларида иккиламчи чиқинди савдоси билан боғлиқ бир қатор ноқонуний ҳолатлар аниқланди. Жумладан, Рўзмат Отажонов кўчасида С.Н. исмли фуқаро ҳамда Ибрат кўчасида О.О. исмли фуқаро томонидан ноқонуний иккиламчи чиқинди йиғиш пунктлари ташкил этилгани маълум бўлди. Ҳар икки ҳолат юзасидан ҳеч қандай тегишли ҳужжатларсиз иккиламчи чиқиндиларни фуқаролардан харид қилиш ва қайта ишлаб чиқарувчи корхоналарга сотиш билан шуғулланаётган ҳуқуқбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Фуқароларнинг ҳар бирига БҲМнинг 3 баравари, яъни 1 миллион 125 минг сўм миқдорида жарима белгиланди.
Шунингдек, мазкур фуқароларга қонунчиликдаги чиқинди шохобчалари ва саралаш пунктларидан маиший чиқиндиларни олиш шу соҳага бириктирилган масъул ташкилотларнинг розилиги билан ва қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилиши кераклиги тушунтирилди.
Бу каби рейд тадбирлари республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам давом этмоқда.