Ҳисоботлар чиройли қилиб ёзилади, аммо таҳлил йўқ. Нима учун? Федерациялар энди жавоб беради

Ҳисоботлар чиройли қилиб ёзилади, аммо таҳлил йўқ. Нима учун? Федерациялар энди жавоб беради

Бугун, 18 июнь куни Миллий олимпия қўмитасида спорт масалаларига бағишланган катта йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси Матбуот хизмати хабар бермоқда.
 
Миллий олимпия қўмитаси Президенти ва Ўзбекистон футбол ассоциация биринчи-вице президенти Умид Аҳмаджонов раислигида ўтган йиғилишда спорт соҳасида тўпланиб қолган муаммолар, ташкилий масалалар, жойларда ишнинг бориши, Осиё ўйинларига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.
 
“Бугунги кундаги энг асосий муаммолардан бири спортчилар захираси йўқ эканлигида деб ўйлайман. Бунинг асосий сабаби мураббийлар. Бундай вазиятда қандай спортчилар тайёрлаймиз? Халқаро мусобақалардан сўнг ҳисоботлар чиройли қилиб ёзиб берилади. Аммо, уларнинг таҳлили йўқ. Нима учун муваффақиятсизлик таҳлил қилинмайди? Қачонгача бундай бўлади? Энди федерациялар бунинг учун жавоб беради. Ихтисосллаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида иш қандай ташкил қилинган? Улар орқали муносиб захира етишиб чиқяптими? Буни чуқур таҳлил қилиб чиқиш лозим. Балки иқтидорли, аммо маблағи йўқ болалар четда қолиб кетаётгандир? Мусобақаларда мунтазам равишда бир ҳил спортчилар иштирок этиб келишади”, деди Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакром Исроилов.


 
Миллий олимпия қўмитаси раҳбари мураббийлар масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида гапирди.
 
“Куни кеча Қўқондаги янги спорт мактабининг очилишига бордик. У ҳусусий спорт мактаби. Бизнинг тизимдаги БЎСМлар давлатдан йилига икки миллиард сўм олсада бундай даражага чиқа олмаяпти. Энди БЎСМларда олимпия спорт турлари алоҳида тартибга солинади, уларга эътибор кучайтирилади. Бу борада спорт федерациялари билан бирга иш олиб борилади. Мураббийларни тайёрлаш масаласини ҳам қайта кўриб чиқиш керак. Бу бўйича спорт федерацияларидан таклиф кутамиз. Олимпия захиралари коллежида ҳам мураббийлар тайёрлаш йўналишини ташкил қилишимиз лозим. Бу жуда муҳим, алоҳида эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалардан биридир.


 
Рақобатни ошириш учун БЎСМлар орасида мусобақаларни кўпайтириш керак. Айнан ўша ердан иқтидорлар саралаб олинади. Бугунги кунда бундай мактабларда 40-100 нафардан мураббий бор. Улар нима билан шуғулланмоқда? Шунинг учун ҳам у ердаги мураббийлар масаласини қайта кўриб чиқишимиз шарт. Оммавийликни ошириш, аҳолини спортга қизиқтириш учун керак бўлса турли ташкилотлар билан меморандумлар тузиш керак. Улар билан ҳамкорликда аҳолини спортга қизиқтириб олишимиз осон кечади”, деди Умид Аҳмаджонов.
 
Йиғилишда шунингдек, Осиё ўйинларига кўрилаётган тайёргарлик жараёни, терма жамоаларга спортчиларни селекция қилиш тизимини ишлаб чиқиш масалаларига тўхталиб ўтилди. Олимпия захиралари коллежларидаги қабул квотаси ҳудудлардаги база, мураббий ва талабдан келиб чиққан ҳолда тақсимлангани маълум қилинди.


 
“Спортчиларнинг овқатланиш рационига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ҳар бир спорт тури бўйича спортчилар турлича калорияли овқатлар истеъмол қиладилар. Оғир атлетикачи билан енгил атлетикачи бир ҳил овқат емайди-ку? Буни тўғри ўрганиб чиқиб, тизимни йўлга қўйиб олиш лозим. Қолаверса, Олимпия захиралари коллежларининг хеч бирида фитнесс зали йўқ. Уларнинг ҳар бирига фитнесс зал қуриб беришимиз керак. У ерда боксчи ҳам, дзюдочи ҳам, умуман барча спортчилар шуғулланиб, ўз устиларида ишлаши мумкин бўлади. Керак бўлса БЎСМларни ҳусусийлаштириш ҳақида ўйлаш лозим. Юқорида айтиб ўтганимдек, Қўқондаги спорт мактаби БЎСМлардан ҳам зўр. У ерда барча шароитлар бор.
 
Навбатдаги масала эса мактабгача таълим муассасаларида жисмоний тарбия ва спортни оммавийлаштириш, болажонларни спорт билан яқиндан таништиришдан иборат. Келажакда Республикадаги МТМларга режа асосида жамғарма ҳисобидан спорт анжомлари олиб берилади. Оммавийлик айнан шу орқали кўтарилади. Улар орқали БЎСМ ва ОЗКларга тайёр спортчиларни етиштириб оламиз. МТМ, мактаб, БЎСМ, ОЗК. Ана сизга тайёр тизим. Шуни йўлга қўйиб олсак лицензия олиш билан мақтаниб юрмаймиз. Нуфузли мусобақаларда улардан ишонч билан медаль кутамиз”, деди Умид Аҳмаджонов.
 
“Бугунги кунгача олий маҳорат мактабларига қараб, қуйи бўғинларга эътибор қаратилмаганлиги, бу орқали муаммолар тўпланиб қолганлиги ҳақида гапирилди. Умуман олганда, йиғилиш қизғин муҳокамаларга бой бўлди. Мутасадди ходимлар ва спорт федерациялари масъуллари ОЗКларга қабул қилиш мезонлари, унда нималарга алоҳида эътибор қаратилиши лозимлиги бўйича қизғин дебат уюштиришди”, дея ёзади МОҚ Матбуот хизмати.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!