Ғазо секторида полиомиелит эпидемияси бошланди

Ғазо секторида полиомиелит эпидемияси бошланди

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги бутун Фаластин анклави бўйлаб полиомиелит эпидемиясини эълон қилди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Вазирлик эпидемияни полиомиелитни йўқ қилиш бўйича глобал дастурдан чекиниш деб атади ва Исроил агрессиясига чек қўйиш, ичимлик суви ва шахсий гигиена воситалари етишмовчилиги, канализация муаммоси, тонналаб чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича зудлик билан ечим топишга чақирди.

Асосан фекал-орал йўл билан тарқаладиган полиомиелит юқори даражада юқумли вирус бўлиб, асаб тизимини зарарлаши ва фалажга олиб келиши мумкин. 1988 йилдан бери оммавий эмлаш кампаниялари туфайли бутун дунё бўйлаб полиомиелит билан касалланиш 99 фоизга камайди ва уни йўқ қилиш бўйича ҳаракатлар давом этмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) Ғазода “2-тоифа полиовирус компонентини” аниқлаган. Вирус кўчирилган шахсларнинг чодирлари орасидан оқувчи сувларда қайд этилган. Шусиз ҳам аҳоли зич жойлашган Ғазо секторидаги ичимлик сувининг кам захиралари вирус билан зарарланиш хавфи остида.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти болалар касалланишининг олдини олиш учун яқин ҳафталарда бир миллиондан ортиқ полиомиелитга қарши вакциналарни Ғазога юборишни режалаштирмоқда. Исроил сектордаги ҳарбийларига полиомиелитга қарши вакцина беришини билдирган.

Исроилнинг Ғазодаги уруши канализация ва сув таъминоти тизимларининг шикастланиши ҳамда вайрон бўлишига олиб келди. БМТ полиомиелит вирусини аниқлашдан ташқари, Ғазода санитария шароитларининг ёмонлашуви туфайли гепатит А, дизентерия ва гастроэнтерит билан касалланиш ҳолатлари кўпаяётгани ҳақида хабар берди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!