Фотиҳми, жаҳонгирми, қароқчими, ўғрими? Ёхуд "маданиятли"ларнинг иккинчи юзи

Фотиҳми, жаҳонгирми, қароқчими, ўғрими? Ёхуд "маданиятли"ларнинг иккинчи юзи

Александр Македонский дунёнинг катта қисмини эгаллаган пайтида денгиз қароқчиларидан бирини қўлга олишди ва уни Александр Македонскийнинг ҳузурига олиб келишди. Македонский ундан сўради:

- Бошқаларнинг молини ўғирлашга нима ҳақинг бор?

Қароқчи деди:

- Мен бошқаларнинг кичкина кемасини тунаганим учун мени ўғри дейишади. Сен эса катта-катта денгиз флотларини ўғирлайсан. Улар эса сени жаҳонгир-фотиҳ дейишади. 

Кучлиларни мақташ ва улуғлаш минг йиллардан бери бу сайёранинг одатидир. Бу нарса токи дунё йўқолгунича шундай қоладими дейман. Модомики, биз кучлиларни ҳақ деб мақташда давом этар эканмиз, ҳар қанча маданиятни даъво қилмайлик қул бўлиб қолаверамиз. 

Маданият дегани баланд бинолар қуриш эмас. Ижтимоий тармоқларнинг ривожланиши эмас. Заводларнинг адади ва ишлаб чиқаришнинг кўплиги эмас.  Маданиятнинг ўз таърифи, миқёси, баҳоси ва асослари бор. Ўзингга эмас, бошқаларга нима яхшиликларни исташинг сенинг маданиятингни белгилаб беради.

Кундузи бошқаларнинг болаларини ўлдириш учун уларнинг устидан самолёти билан бомба ёғдириб, кечаси хотини ва фарзандларини олиб, энг фахрли ошхоналардан бирига бориб санчқи ва пичоқ билан овқатланадиган киши маданиятли киши эмас.

Бу дунё мажозан эмас, ҳақиқатдан ҳам ўрмон. Фақатгина дарахтлар, ҳайвонлар ва паррандалар бор жойни ўрмон дейилмайди. Ўрмонда кучлилар кучсизларни ейди. Дунёда эса бошқача. Ҳайвонлар яшаш учун бир-бирларини ейишади. Инсонлар эса яшаш учун эмас, тўкин сочинроқ яшаш учунгина бир-бирларини ўлдиришади. 

Бу ўрмонда аскарларинг ер юзининг барча томонларига тарқалиши, истаган давлатини ва халқини талаши, бир қалам суришинг билан сайланган президентни ўлдиришинг, бир қалам суришинг билан диктаторни жойида қотириб қўйишинг, сўнгра тинчлик бўйича Нобель мукофоти олишинг ҳам мумкин.

Шу динамитни ихтиро қилган Алфред Нобель тайинлаган мукофот динамитни ким кўпроқ ишлатса ўшанга бериладими дейман чамамда...

Агар кучли қўшининг бўлиб ўзинг Оқ уйда яшасанг, истасанг “дунё гўзали” лақабини ҳам олишинг мумкин.

Бу ўрмонда Исроилнинг танки Фаластинлик болакайни мажақлаб ташлаб, сўнгра у болакайнинг отасини ёш боласини танкнинг олдига чиқаргани учун судга бериши мумкин. У отанинг: “Танкларинг боламнинг устида нима қилиб юрибди”, деб сўрашга ҳаққи йўқ.

Қутбда тюлень муз орасидан тешик очса бутун олам дарров унинг сабабларини ўрганиш учун илмий кенгаш чақиради. Юзлаб болалар бомбалар остида сочилиб кетаяпти. БМТ бошлиғи ҳафсаласизлик билан шошмасдан катталарни чақиради. Улар сулҳ тўғрисидаги қарор лойиҳасини тайёрлашади.  Яъни, оддий қоғозга ёзилган гаплар. У гапларнинг қиймати улар ёзилган қоғознинг нархидан ҳам арзон. Аммо Россия Вето қўйиш ҳуқуқидан фойдаланади. У Америкага қарши ҳужжат кўрсатади. Иш Ғаззадаги қатлиомга боғланганда Америка ҳам унга қарши ҳужжат кўрсатади. Икки юзга яқин давлат жамланиб бир қарорга келаман деб турганда энг кучли давлат Вето қўяди. Ветонинг маъноси “Ҳурматли азизлар! Ҳаммангиз кўтарилинг. Бу иш ҳеч тугамайди!”, деганидир! 

Абдулқодир Самарқандий

Manba: azon.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!