Фарғонада шифокорларга рағбатлантириш пуллари берилмаганми? Ойдинлик киритилди

Фарғонада шифокорларга рағбатлантириш пуллари берилмаганми? Ойдинлик киритилди

2020 йил 23 июнь куни Facebook ижтимоий тармоғидаги “Халқ назорати” каналида Олтиариқ тумани Қизилтепа қишлоғида жойлашган “Фахрийлар” сиҳатгоҳида ташкил этилган карантин ҳудудида хизматга жалб этилган шифокорларга рағбатлантириш пуллари берилмаётгани ҳақида мурожаат эълон қилинган.

Мазкур мурожаатга жавобан Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати қуйидагиларни маълум қилади.  

Худди шу масала юзасидан Фарғона вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳуқуқшуноси, Олтиариқ туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, Олтиариқ туман Қизилтепа “Фахрийлар” санаторияси бош врачи иштирокида ўрганиш ишлари олиб борилган. Ўрганиш натижалари юзасидан мурожаатчиларга асосли ҳуқуқий тушунча берилган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги ПҚ-4652-сонли қарорида “Фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга қўшаётган улкан ҳиссаларини ва фидокорона меҳнатларини эътироф этган ҳолда, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ишларига жалб этилган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларни қўшимча ижтимоий ва моддий қўллаб- қувватлаш белгиланган бўлиб, қарорнинг 1-хат бошида “Коронавирус инфекциясидан зарарланган беморларни даволашда бевосита иштирок этган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабараторияларида фаолият олиб бораётган  тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолияти учун махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови тўланиши белгиланган.

Бундан ташқари, Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 30 апрелдаги №20-йиғилиш баёнининг 1-иловаси “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларни қўшимча моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида” ги вақтинчалик Низом тасдиқланган. Мазкур Низомнинг 3-боби, яъни, ”Махсус тўловларни амалга ошириш тартиби”нинг 22-бандида ҳам кимларга, қай тартибда қўшимча рағбатлантириш тўловлари тўланиши аниқ  ёзиб қўйилган.

Яна шуни қўшимча қилиш зарурки, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 25 мартдаги №82 буйруғининг 1 б-иловасида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволашга мўлжалланган шифохоналар рўйхатида шакллантирилган бўлиб, рўйхатда фақатгина Фарғона вилоят юқумли касалликлар шифохонаси қайд этилган, холос.
Фарғона вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси рағбатлантириш пулларини қонуний тартибда тўланиши таъминламоқда. Жумладан,  Олтиариқ туман Қизилтепа Фахрийлар санаторияси чартер рейслари орқали карантин муддатини ўташ учун фуқароларни вақтинча жойлаштириладиган объектлар қаторида эканлигини инобатга олиб, бу ерда фаолият кўрсатган ходимларга белгиланган тартибда лавозим маошининг кунлик 6 фоиз миқдорида қўшимча рағбатлантириш пулларини ўз вақтида тўлаб берилган.  

Аммо мурожаат эгалари ўзлари карантин ҳудудида хизмат олиб бориб, ойлик маошларига қўшимча 6 фоизли устама пулини олган бўлишларига қарамай, юқумли касалликлар шифохонасида ҳаётини хавф остига қўйиб, беморларни даволашда бевосита юзма-юз иштирок этган тиббиёт ходимларига тўланадиган рағбат пулидан умидвор бўлишмоқда. 

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!