Фарғона водийсида энг йирик фармацевтика корхонаси иш бошлади

Фарғона водийсида энг йирик фармацевтика корхонаси иш бошлади

Наманган туманидаги “Merrymed Farm” масъулияти чекланган жамиятининг навбатдаги ишлаб чиқариш мажмуаси иш бошлади.

 

2010 йилда 30 ишчи билан фаолият бошлаган “Merrymed Farm” корхонасида бугунги кунда 700 дан зиёд киши – олий ва ўрта махсус маълумотли мутахассислар, ишчи-хизматчилар меҳнат қилмоқда. Йилига 120 миллионга яқин ўрам дори воситалари ишлаб чиқариш қувватига эга корхона Фарғона водийсидаги энг йирик фармацевтик корхонасидир. Вилоятда ишлаб чиқарилаётган дори воситаларининг 97 фоизи “Merrymed Farm” ҳиссасига тўғри келади. Корхонада таблетка, капсула, инъекцион ва инфузион эритмалар, мазь, сироп, суспензия, кукун кўринишидаги антибиотиклар ишлаб чиқарилмоқда.

 

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2016 йилда корхонада 275 киши меҳнат қилган ва 59 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, 2017 йилда ишчи-ходимлар сони 360 нафарга ва ишлаб чиқарилган маҳсулот қиймати 105 миллиард сўмга етган. 2018 йилда эса “Merrymed Farm”да яратилган иш ўринлари сони 650 та, йиллик маҳсулот қиймати 202 миллиард сўмдан ортгани қайд этилди.

Ўтган йили Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Афғонистон давлатларига 700 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Жорий йилда эса бу кўрсаткични 1,5 миллион долларга етказиш кўзда тутилган.

 

Инфузион эритмалар, кўз томчилари, пластик ҳамда шиша ампулаларда инъекцион эритмалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги цех лойиҳаси Президентимизнинг 2017 йил июль ойида вилоятга ташрифи чоғида тақдим этилган эди.

 

– Ўтган икки йилда бу ерда қиймати 25 миллион долларга тенг лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиб, 7 йўналишда 120 турдаги дори-дармон ишлаб чиқаришга мўлжалланган янги цех қуриб битказилди, – дейди “Merrymed Farm” корхонаси раҳбари Н.Азизов. – Йилига 15 миллион 600 минг флакон глюкоза, натрий хлорид, рингер, метронидазол, ципрофлоксацин ва бошқа дори воситалари ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилди.

 

Корхонанинг очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров сўзга чиқди.

Manba: uza. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!