ЕТТБнинг Лондондаги штаб-квартирасида Наврўзи олам кенг нишонланди

ЕТТБнинг Лондондаги штаб-квартирасида Наврўзи олам кенг нишонланди

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) штаб-квартирасида Наврўз байрами нишонланди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда ватандошлар, ЕТТБ ходимлари, дипломатик корпус, халқаро молия институтлари, компаниялари, илмий ва маданий доира вакиллари иштирок этди.

Байрам тантаналарини ЕТТБ президенти Одил Рено-Бассо табрик сўзи билан очиб берди ва Ипак йўлидаги барча мамлакатлар учун баҳорнинг бошланиши ва табиат уйғонишининг рамзи бўлган Наврўз тарихи ҳақида тўхталди.

Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг иқтисодий, маданий салоҳиятига бағишланган бурчак ташкил этилди. Унда халқ амалий санъати намуналари, Буюк ипак йўли дурдоналари ҳақида маълумот берувчи видеороликлар намойиш этилди.

Банк ходимлари иштирокида тақдим этилган концерт дастурида Ўзбекистон ва минтақадаги бошқа давлатларнинг миллий рақслари ва қўшиқларидан парчалар ижро этилди.

ЕТТБ ходими Зафар Камолов Наврўз Шарқ тақвимига кўра, уйғониш ва Янги йилнинг бошланиши эканлигини таъкидлади. "Наврўз байрамини катта тантана билан нишонлаш Марказий Осиё минтақасига хос бўлган анъанадир. Кўп асрлик эзгу қадриятларни ўзида мужассам этган Наврўз Ўзбекистонда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакилларининг умумхалқ байрамига айланган", деди у.

Ватандошимиз Жаҳонгир Камоловнинг айтишича, Наврўз табиатдаги уйғунликни ифодаловчи байрам бўлиб, ҳақиқатан ҳам янгиланиш ва гўзаллик тимсоли ҳисобланади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!