Эрта қариш синдромига чалинган эркак 28 ёшида вафот этди
Эрта қаришга олиб келадиган ирсий касаллик – прогерияга чалинган италиялик Сэмми Бассо 28 ёшида вафот этди. У мазкур касаллиги бор одамлар орасида энг узоқ умр кўрди.
Бу ҳақда Италиянинг ушбу касалликка қарши кураш ассоциацияси маълум қилди, унинг асосчилари Бассонинг ўзи ва унинг ота-онасидир.
Бассо 1995 йилда Италиянинг Скио шаҳрида туғилган. Икки ёшида унга прогериянинг болалик шакли бўлган Хатчинсон – Гилфорд синдроми ташхиси қўйилган. Касаллик ҳақида маълумот йўқлиги Бассонинг ота-онасини унга қарши курашадиган уюшма – l’Associazione Italiana Progeria ассоциациясини тузишга ундади, унинг фаолиятида беморнинг ўзи ҳам иштирок этди.
Сэмми Бассо ота-онаси ва энг яқин дўсти билан Чикагодан Лос-Анжелесга US 66 йўли бўйлаб қилган саёҳати ҳақида National Geographicда ҳужжатли фильм чиққанидан кейин машҳур бўлди. Шунингдек, у тез-тез телевизорда чиқишлар қилиб, касаллиги ҳақида интервьюлар берди.
2018 йилда Бассо Падуа университетини табиий фанлар бўйича тамомлаган. Прогерияни генетик муҳандислик ёрдамида даволаш имкониятлари мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.
2019 йилда Бассода аорта клапанини алмаштириш операцияси ўтказилди – бу прогерия билан оғриган беморда ўтказилган бундай турдаги илк операция. Шундан сўнг у Италиянинг олий – “Италия Республикаси олдидаги хизматлари учун” ордени кавалерига айланди. Икки йил ўтгач, Бассо прогерияни ўрганишга қаратилган яна бир диссертацияни ҳимоя қилди.
Хатчинсон – Гилфорд прогерияси ҳар 20 миллион одамда учрайдиган, кам кузатиладиган ирсий касалликдир.
Прогерияда тери ва ички органлар ўзгаради, шунинг учун беморлар ўз ёшига нисбатан каттароқ кўринади. Касаллик оқибатида ҳаёт сифати ҳам пасаяди. Даволашсиз умр кўриш давомийлиги тахминан 13 йил, деб хабар беради rbc.ru.