Эрон компаниялари Наманганда иш бошлайди
Ўзбекистон Республикасининг стратегик ҳамкорларидан бири Эрон Ислом Республикаси инвесторларининг мамлакатимизга бўлган қизиқиши, бизнесни йўлга қўйишга бўлган истаги ортмоқда.
Жумладан, Эроннинг етакчи компаниялари – “Best thermo solutions” ҳамда “Elektrogen” вакилларидан иборат делегациялар хизмат сафари билан Наманган вилоятида бўлди.
“Best thermo solution” компанияси металлургия соҳасида етакчи ҳисобланиб, мазкур йўналишдаги корхоналар учун зарур бўлган саноат қозонлар ва иситгичлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Наманган вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган учрашувда компания таъсисчиси Али Арагҳи ва компания менежери Салим Билоловга вилоят раҳбари Шавкат Абдураззоқов Наманганда яратилган қулай инвестицион муҳит, хусусан, эркин ҳамда кичик саноат зоналари ҳақида атрофлича маълумот берди.
Эрон Ислом Республикасининг электр двигателлар ишлаб чиқариш соҳасида етакчи ўринга эга бўлган “Elektrogen” компанияси эса Наманганда завод қуришни режа қилган. Мазкур корхона сотув менежери Сиямак Молеверди ва компаниянинг Ўзбекистондаги филиали директори Ҳамид Ризо Шафеи айни шу мақсадда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов билан учрашди.
Таъкидлаш жоиз, “Elektrogen” компанияси форс ўлкасидаги асосий электр моторлар ишлаб чиқарувчи йирик корхона ҳисобланиб, асосан маиший ва саноат мақсадлари учун кенг турдаги моторлар ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланади. Компаниянинг портфели 50 дан ортиқ турдаги моторларни ўз ичига олган.
Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган музокарада Наманганда саноат ривожланиб бораётгани, айниқса, қўшни мамлакатларга чиқиш имкониятлари ҳам катта эканлиги эътироф этилди. Айни шу омилларни назарда тутган ҳолда “Elektrogen” компанияси Наманганда ўз йўналиши бўйича корхона барпо этишни мақсад қилмоқда.
Самимий руҳда кечган мулоқотдан сўнг хорижий инвесторлар ўз ишлаб чиқаришлари учун қулай жойларни кўриш мақсадида Чуст ва Поп туманларига туташ манзилдаги “Наманган” эркин иқтисодий зонаси билан танишди.