Энди юртимизда энергетик ичимликларни 18 ёшга тўлмаган шахсларга сотганлик учун жаримага тортилиши мумкин

Энди юртимизда энергетик ичимликларни 18 ёшга тўлмаган шахсларга сотганлик учун жаримага тортилиши мумкин

Жорий йилнинг 7 ноябрь куни Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда партия расмий сайтида хабар берилди.

Унда Қонунчилик палатаси мажлиси муҳокамасига киритилиш режалаштирилаётган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Йиғилишни фракция раҳбари Сарвар Отамуратов олиб борди.

Йиғилишда дастлаб, иккинчи ўқишга тайёрланган «Ўзбекистон Республикасининг Консуллик уставига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси консуллик мансабдор шахси, шунингдек фахрий консулнинг ҳуқуқий мақоми, уларни тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш тартиби белгиланиши, шунингдек амалга ошириладиган консуллик функцияларларини тартибга солишни кўзда тутади. Унда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг репатриацияси ҳамда паспорт ва бошқа ҳаракатланиш ҳужжатлари йўқотилган ёҳуд муддати ўтган тақдирда қайтиш учун гувоҳнома бериш ҳамда яшаш учун зарурий маблағларсиз қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига кўмаклашиш бўйича тегишли вазифалар белгиланмоқда.

Фракция аъзолари томонидан консуллик уставининг янги таҳрирда қабул қилиниши, халқаро консуллик ҳуқуқи норма ва тамойилларининг миллий қонунчилигимизга имплементацияси жараёнини чуқурлаштириш, консуллик мансабдор шахслари фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг жавобгарлигини ва улар томонидан ишлаб чиқилаётган ҳужжатларнинг сифатини ошириш, мамлакатнинг манфаатларини, унинг фуқаролари ва юридик шахслари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, шунингдек бошқа давлатлар билан дўстона муносабатларини ривожлантириш ҳамда улар билан иқтисодий, савдо, илмий-техникавий, маданий ва бошқа алоқаларини кенгайтиришни таъминлашга кўмаклашиши айтиб ўтилди.

Шунингдек, «Миллий тикланиш» ДП фракция аъзоларининг ташаббуси асосида киритилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини муҳокамалардан сўнг иккинчи ўқишда қабул қилдилар. Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига энергетик ичимликларни 18 ёшга тўлмаган шахсларга реализация қилиш – фуқароларга энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 7 бараваридан 15  бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

«Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунда энергетик ичимликлар тушунчасига таъриф берилмоқда ҳамда «Реклама тўғрисида»ги қонунида бундай ичимликларни истеъмол қилишнинг зарари, тавсия этилмайдиган шахслар ҳақидаги ахборот мавжуд бўлиши кераклиги, истеъмолчиларнинг ижтимоий ва спортга оид муваффақиятига эришиши ёки жисмоний ҳамда руҳий ҳолати яхшиланиши учун муҳим аҳамиятга эга деган таассуротни юзага келтирмаслиги, шунингдек телевидение ва радио орқали реклама қилиш вақтлари аниқ белгиланмоқда, ичимликлар намуналарини 18 ёшга тўлмаган шахслар орасида текинга тарқатиш, асосан 18 ёшга тўлмаган шахслар учун мўлжалланган тадбирларга ҳомийлик қилиш, шу жумладан сотиш асосан болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган босма нашрларда, шунингдек тиббиёт, спорт ва таълим муассасаларида энергетик ичимликларни реклама қилиш тақиқланмоқда.

Бундан ташқари, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Айтиб ўтилганидек, мазкур қонун лойиҳаси қабул қилиниши билан Ўзбекистон Республикаси «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида», «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида», «Радиациявий хавфсизлик тўғрисида», «Психиатрия ёрдами тўғрисида», «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида», «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида» ва «Ўрмон тўғрисида»ги қонунларни Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 12 апрелдаги «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Қонунида белгиланган қоидалар билан ўзаро мувофиқлаштириш таъминланади.

Фракция йиғилишда бошқа масалалар кўриб чиқилди ҳамда барча масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!