Энди қариганингизда ҳам бургутдек кўришингиз мумкин!
Ёш ўтиши билан инсоннинг кўриш қобилияти пасая боради. Бу — организм кексая бошлаганда юз берадиган ўзгаришлар билан боғлиқ жараён. Аммо ана шу ўзгаришларнинг аниқ механизмлари фанга маълум эмас эди.
АҚШ ва Австралия олимлари кўз равшанлиги пасайиши омиллари ҳамда бунинг олдини олиш йўлини аниқлашга муваффақ бўлди.
Тўғри, ушбу мавзуда аввал ҳам тадқиқотлар ўтказилган ва ёш ўтган сайин кўриш қобилияти ёмонлашиши (пресбиопия)га турли кўз касалликлари сабаб бўлади, деган хулосага келинган.
Бу галги изланишлар давомида катта ёшда кўз равшанлиги пасайишининг ҳужайравий механизми тасвирлаб берилди ва мазкур жараённи тўхтатиш имконини берувчи усул таклиф қилинди.
Ҳозиргача бу муаммога қарши турли даволаш технологиялари (кўзларга ёруғлик тўлқинлари, электромагнит нурланиш ёки ультратовуш орқали таъсир ўтказиш), тунги линзалар, дори-дармонлар, шунингдек, лазер коррекцияси ҳамда микрожарроҳлик йўлидан фойдаланилади.
Бироқ бу муолажа турларининг самарадорлиги чекланган, маълум асоратлар келиб чиқиш хавфи ҳам мавжуд.
Янги тадқиқотда олимлар пресбиопияни инсон илдиз ҳужайраларидан фойдаланган ҳолда моделлаштирди.
Аниқланишича, ёш ўтган сайин кўриш қобилияти пасайиши жараёнида организмда металлопротеиназ 3 (TIMP3) деб аталувчи оқсил ишлаб чиқарилади.
Ушбу модда кўз саломатлиги учун зарур бўлган ферментлар фаоллашувини пасайтириб, яллиғланишни келтириб чиқарувчи бошқа ферментлар миқдорини оширади.
Тадқиқотчилар яллиғланишга сабаб бўлувчи ана шу ферментлар фаоллигини блоклаш усулини синовдан ўтказди. Уларнинг хулосасига кўра, бундай ёндашув пресбиопияни тўхтатиш ва самарали даволаш имконини беради.