Давлат иқтисодий ресурсларнинг адолатли тақсимланишини таъминлайди – Конституциянинг 53-моддасига киритилаётган ўзгартириш ҳақида

Давлат иқтисодий ресурсларнинг адолатли тақсимланишини таъминлайди – Конституциянинг 53-моддасига киритилаётган ўзгартириш ҳақида

Бугун Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига қандай ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши кутилаётгани ҳақида маълумот берамиз.

Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, ҳалол эркин рақобатни, барча мулк шакллари ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза қилинишини кафолатлайди.

Хусусий мулк дахлсиз ва давлат томонидан ҳимоя қилинади.

Давлат иқтисодиёт тармоқларининг ва ҳудудларнинг уйғун ҳолда ривожлантирилиши учун шарт- шароитлар яратади, шунингдек иқтисодий ресурсларнинг адолатли равишда тақсимланишини таъминлайди. (53-модда)

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг жорий йил 20 июнь куни Конституциявий комиссия аъзолари билан ўтказилган учрашувидаги маърузасида “Иқтисодиётимизни ҳаракатга келтирувчи асосий куч бўлган тадбиркорликнинг ривожланиши йўлидаги барча тўсиқ ва ғовларни олиб ташлашимиз зарурлиги” ҳамда “эркин ва ҳалол рақобатнинг ҳимоя қилиниши кафолатланиши”га алоҳида эътибор қаратилди.

2. Конституциямизнинг миллий иқтисодий тизимнинг асосларини белгиловчи мазкур моддасининг амалдаги таҳририда давлатнинг иқтисодий тизимдаги иштирокига доир асоссолувчи қоида назарда тутилмаган. Эркин бозор иқтисодиёти шароитида давлатнинг иқтисодий жараёнларни бошқаришга доир конституциявий вазифа ва функцияларини аниқ белгилаш муҳим аҳамият касб этади.

3. Мазкур йўналишдаги конституциявий-ҳуқуқий тартибга солиш узоқ муддатга мўлжалланган асосий, фундаментал ва энг муҳим принцип ва нормаларга асосланиши лозим. Давлатнинг иқтисодиётга аралашувининг оқилона даражаси, давлатнинг фаолияти бозор механизмининг амал қилишига ҳалақит бермаслиги, зарур бўлганда бу механизмни тўлдириб туриши билан белгиланади.

Мамлакат иқтисодиётида давлат иштирокини камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар ва бозор механизмларига ўтиш амалга оширилаётганлигини ҳам қайд этиш ўринли. Сўнгги йилларда тадбиркорлик фаолияти соҳасида 86 та айрим лицензияланадиган фаолият турлари ва рухсат бериш тартиб-тамойиллари, шу жумладан 38 та турини 16 тага бирлаштириш, 25 та тури бўйича расмийлаштириш муддатларини қисқартириш ҳамда 14 та лицензия ва рухсат берувчи ҳужжатларни беришни марказлаштириш орқали бекор қилинди ва солиқ юки камайтирилди.

Шу билан бирга, асосий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш ва сотишда бозор тамойилларини кенг жорий этилмоқда. Масалан, давлат буюртмаси асосида бошоқли дон етиштириш амалиёти босқичма-босқич бекор қилинди, 2021 йил ҳосилидан бошлаб давлат томонидан ғаллага харид нархини белгилаш амалиётидан тўлиқ воз кечилди ва давлат хариди тўлиқ бекор қилинди.

Конституцияга киритилаётган мазкур ўзгаришлар давлатнинг иқтисодий жараёнлардаги иштирокини оқилона чегаралар доирасида камайтиришни, иқтисодиёт тармоқларини ҳудудий ва соҳавий кесимда бошқаришда аниқ, шаффоф ва натижага йўналтирилган механизмлардан фойдаланишни ҳамда фискал дастаклар орқали ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш мақсадида молиявий ресурларни қайта тақсимлашни назарда тутади.

Таъкидлаш лозимки, айнан шундай ёндашув асосида иқтисодиёт тармоқларининг ривожлантириш йўналишлари белгиланмоқда. 2017–2021 йилларда Ҳаракатлар стратегияси доирасида саноатнинг етакчи тармоқлари (тўқимачилик, электротехника, автомобил саноати, қурилиш материаллари саноати, кимё ва нефть-кимё саноати, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, энергетика каби тармоқлар)ни ривожлантириш стратегиялари қабул қилинди. Шунингдек, COVID-19 пандемия бошланиши билан аҳоли хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлаш мақсадида қарийб 8 трлн. сўм маблағни тиббий-ижтимоий таъминот тизимига йўналтирилди.

Умуман олганда, давлат иқтисодиётни тартибга солишда жамият манфаатларини кўзлаган ҳолда умумиқтисодий аҳамиятга эга бўлган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаши зарур.

4. Асосий қонунимизга киритилаётган мазкур тизимли ўзгаришлар иқтисодиётни эркинлаштириш ва бозор механизмларини кенг жорий қилиш тамойилларига асосланган ислоҳотларнинг янги босқичида давлатнинг иқтисодиётдаги ролини камайтириш, иқтисодий жараёнларга маъмурий тартибга солиш дастакларидан фойдаланишни минималлаштириш, хусусий секторнинг иштирокини кенгайтириш орқали миллий иқтисодиётни барқарор ривожланишини таъминлашга, шунингдек мамлакатимизни иқтисодий эркинлик индексдаги ўрнини яхшилашга хизмат қилади.

5. Таъкидлаш лозимки, Хорватия, Мальта, Португалия, Руминия каби мамлакатлар конституцияларида мазкур нормаларгша ўхшаш нормалар мустаҳкамланган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!