Бухородаги марказий бозорда содир бўлган ёнғинни тез ўчиришга нима халал берган? (фото)

Бухородаги марказий бозорда содир бўлган ёнғинни тез ўчиришга нима халал берган? (фото)

Бухоро марказий деҳқон бозорида содир бўлган ёнғинга тўртта ёнғин ўчириш экипажи жалб қилинган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Бухоро вилоят ЁХБ матбуот хизмати ходими лейтенант Миржон Файзуллаев «Дарё»га маълум қилди.

Ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби савдо дўкони эгаси дўконда ўрнатилган кондиционерни ёқиб, қаровсиз қолдиргани ҳамда электр симининг қисқа туташуви натижасида содир бўлгани аниқланган.

5 июль куни эрталаб 06:00 да Бухоро Марказий деҳқон бозори ҳудудида жойлашган 408-сонли озиқ-овқат дўконида юзага келган ёнғинни ўчириш учун ёнғин ўчириш экипажи соат 06:05 да етиб келган. 06:12 да тегишли ҳудуд ўраб олинган. Ёнғин натижасида дўконнинг 60 метр квадрат том қисми ва озиқ-овқат маҳсулотлари зарар кўрган.

— Ёнғин ўчириш экипажи ўз вақтида етиб келган бўлса-да, уни ўчириш учун эса бир соатдан ортиқ вақт кетди. Сабаби тадбиркорлар томонидан бозорнинг ички йўлларигача савдо-сотиқ маҳсулотлари ёйиб ташланган. Темир ва тахтадан тайёрланган қўлбола стол-стуллару расталар қалашиб ётган. Айниқса, ахлат ташлаш жойининг ҳам бозор ўртасида жойлашгани таъбни хира қилади. Бундай тўсиқларнинг ҳаддан ортиқчалиги ёнғин ўчириш автомобилларининг эркин ҳаракатланиши учун халақит берди. Ўт ўчириш машинаси кириши учун имконият ва шароитнинг мавжуд эмаслиги ҳаракатимизни мушкуллаштирди. Шунингдек, бозор ҳудудидан ўтган электр симлар одатда ер остидан ўтказилиши лозим. Электр шитларининг очиқ ҳолда қолдирилгани ҳамда талаб даражасида эмаслиги кўнгилни хира қилади. Талай муаммолар бозор маъмурияти томонидан эътиборсиз қолдирилган, — деди Миржон Файзуллаев.

Сунъий тўсиқларни бартараф этиш бўйича тадбиркорлар жуда кўп бор огоҳлантирилишига қарамай, натижа ўзгармаган. «Бухоро Марказий деҳқон бозори» АЖда қуруқ мевалар, мева-сабзавотлар растаси, гўшт растаси, сут маҳсулотлари, шунингдек, полиз маҳсулотлари ҳамда тайёрлов савдо растаси мавжуд. Жами 1472 нафар сотувчи ва тадбиркор хизмати йўлга қўйилган. Афсуски, бозорда кўп салбий оқибатлар 90 фоиз сотувчиларнинг ўз маҳсулотларини расталарда эмас, кўчада ва ерда олиб боришаётгани оқибатида юзага келган. Яратилган имконият ва шарт-шароитлардан тўлиқ фойланилмаган.

Эслатиб ўтамиз «Дарё»суриштируви бўйича жорий йилнинг 23 май куни Бухоро деҳқон бозорида 15 яшар қиз фаррош томонидан хорижлик сайёҳлар кўз ўнгида калтаклангани ҳақида эълон қилинган мақолада ҳам айнан бозордаги тартибсизликлар ва савдо ишларидаги пала-партишликлар борасида сўз юритилган эди. Эслатиб ўтамиз, унда Бухоро вилоят солиқ бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Баҳодир Файзиев томонидан: «Кўча бозори савдосига қаршимиз ойлиги»дан кўзланган мақсад: бозорлар, савдо комплекслари ҳамда тижорат дўконлари атрофини ободонлаштириш, товарларни фақат савдо ташқарисига чиқармаслик, санитария нормалари, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш, шунингдек, шохобчада назорат-касса машинаси, тўлов терминали мавжуд бўлиши ҳамда уларни белгиланган тартибда ишлатишни таъминлашдир. Ойлик давомида чакана савдо фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслар томонидан савдо қоидалари, санитария нормалари ва ёнғин хавфсизлиги талаблари бузилганда айбдорларга нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ, жавобгарлик чоралари қўлланилади», — дея таъкидлаган эди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!