Бухорода шифокорларнинг маоши мажбурий обуна учун қирқилмоқда

Бухорода шифокорларнинг маоши мажбурий обуна учун қирқилмоқда

«Kun.uz» таҳририятига  Бухоро вилояти Вобкент туман тиббиёт бирлашмасидан мурожаат келиб тушди.

Мурожаатчи кейинчалик муаммо келиб чиқмаслиги учун ўз шахсини ошкор этмасликни сўради (унинг исми ва фамилияси таҳририятга маълум).

Мурожаатчига кўра, тиббиёт бирлашмасида ишлаётган барча тиббиёт ходимлари, ҳаттоки фаррошлар ҳам ноябрь ойи учун маошидан роппа-роса 28 фоиз миқдоридаги пул обуна учун ушланиб қолиниши тўғрисида огоҳлантирилган (Бунинг исботи сифатида маошидан ушлаб қолинадиган ходимлар рўйхати ҳам ташлаб берилди).

«Бизга 2019 йил учун обуна каталоги тақдим этилса, ўзимиз хоҳлаган нашрга обуна бўлишни албатта истаймиз. Лекин ўтган йили ҳам мана шу тарзда пул йиғиб олинган ва кимга қандай нашр келаётганини билолмай, оқибатда бирорта нашрни ўқимаганмиз. Бу йил ҳам шу найранг такрорланмоқда», дейди мурожаатчи.

Албатта, тиббиёт ходимларини матбуот нашрларига обуна бўлишга тарғиб қилиш керак. Уларнинг ўз касби нуқтаи назаридан ўқиши шарт бўлган, соҳадаги янгилик ва хабарларни кузатиб борадиган махсус нашрлари бор.

Лекин, республикамизда кўрсатиладиган хизмат ёки харид қилинган товар учун дарҳол чек ёки квитанция тақдим этилиши шарт. Обуна билан боғлиқ ҳолатда бу — обуна бўлгани ҳақида квитанция ҳисобланади.

Ҳеч қандай квитанциясиз, тиббиёт ходимларининг инон-ихтиёрисиз, ойлигидан кўр-кўрона маълум бир фоиз ушланиб қолиниши — обунага ёппасига мажбурлашдир ва бу ноқонуний хатти-ҳаракат ҳисобланади.

Чунки, бизга мурожаат қилган ходимнинг айтишича, ҳеч қандай квитанция ҳам тақдим этилмаган, уларга айнан қайси нашрга обуна бўлиши ҳақида ҳам маълумот берилмаган.

Бу борада олдин ҳам сайтда қатор чиқишлар қилинганди. Тиббиёт ва таълим муассасаларида бу тарзда обунага пул йиғилиши коррупцияга йўл очишига шубҳа йўқ. Чунки йиғилган пулни назорат қилишнинг амалда мутлақо имкони йўқ.

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 17 июль куни умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказган, унда ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш масалалари муҳокама қилинган эди.

Ўқитувчининг жамиятдаги мавқеини оширишга доир чора-тадбирлар ичида жумладан қуйидагилар ҳам бор эди: Халқ таълими вазирлиги тизими ходимларини уларнинг вазифасига кирмайдиган ишларга (тозалаш ишлари, шанбаликлар, ободончилик ишлари, турли йиғилиш ва мажлисларда бўлиш, коммунал хизматлар тўлови ва кўрсаткичларни текшириш билан боғлиқ хизматларга) жалб қилишни тақиқлаш, бундан ташқари, ўқитувчилар маошидан турли мақсадларда (газета ва журналларга мажбурий обуна,аванс коммунал тўловлар, турли тадбирлар чипталарига ва бошқаларга) мажбурий равишда олиб қолишни тақиқлаш.

Қайд этиш керакки, Халқ таълими вазирлиги таълим муассасаларида мажбурий обунага йўл қўйилмаслиги учун бош-қош бўлиб, керакли чораларни кўрмоқда. Хусусан, Тошкент вилояти Бекобод туман халқ таълими бўлими мудири Ҳ.Соибназаров даврий нашрларга мажбурий қилиш тўғрисида кўрсатма бергани учун лавозимидан бўшатилган

Таҳририятимизга асосан мажбурий обуна бўйича фуқаролардан мурожаатлар бюджет соҳаси — таълим тизими, талабалар ва тиббиёт соҳаси ходимларидан келмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, хусусан вазир Алишер Шодмонов ҳам Халқ таълими вазирлиги сингари бу борада ўз муносабатини билдиришини кутиб қоламиз.

Бюджетдан маош олувчи тиббиётчиларнинг ойлик маошларининг бу тарзда талон-тарож қилиниши соҳада коррупциянинг авж олишига йўл очади. Бинобарин, бунга йўл қўйиб берган мансабдор шахслар устидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Бухоро вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари тегишли чора кўради, деб умид қиламиз.

Шуҳрат Шокиржонов,

KUN.UZ журналисти


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!