Бухорода “Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаси” биноси хатланди
Юртимизда тадбиркорларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Лекин, айрим тадбиркорларнинг бизнес режалари иш бермай, банкдан олинган кредитлар суд тартибида ундирилмоқда.
Бюро органлари иш юритувидаги банклар фойдасига ҳал қилинган суд қарорлари ижросини таъминлаш назоратга олинган бўлиб, бу борада муайян ишлар қилинмоқда. Масалан, Бухоро туманлараро иқтисодий судининг 12.06.2023 йилдаги ижро ҳужжатига асосан қарздор “El Cristal” масъуслияти чекланган жамияти ва “Steklo Plast Servis” оилавий корхонасидан ундирувчи ЧЭКИ “Ҳамкорбанк” Андижон филиали фойдасига 70.689 АҚШ доллари тўлов муддати ўтмаган кредит қарздорлиги, 35.344 АҚШ доллари муддати ўтган кредит қарздорлиги, 2.125 АҚШ доллари кредит фоизи, 700 АҚШ доллари пеня, жами 108.859 АҚШ доллари ундириш, ундирувни “Steklo Plast Servis” оилавий корхонасига тегишли бўлган Бухоро шаҳар, Ибн-Сино кўчасида жойлашган, умумий ер майдони 3.969,0 кв. метр, қурилиш майдони 1.635,26 кв. метр, фойдали майдони 1.520,47 кв метрдан иборат “Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаси” биносига қаратиш ҳақидаги ижро ҳужжати Бюронинг Бухоро шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушган.
Давлат ижрочиси томонидан шу куни ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, қарор нусхаси тарафларга юборилган.
Қарздорликни бартараф қилиш учун қонунчиликка мувофиқ қарздорга ихтиёрий муддат берилган бўлсада, ижро ҳужжати талаблари бажарилмаган.
Ижро ҳаракатлари давомида “Steklo Plast Servis” оилавий корхонасига тегишли бўлган ва ижро ҳужжатида ундирув қаратилиши белгиланган “Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаси” биноси тегишли тартибда хатланиб, қарздорлик бартараф қилинмаган тақдирда, мазкур бино электрон савдо майдончаси орқали сотиш мақсадида кимошди савдоларига чиқарилиши мумкинлиги ҳақида қарздор огоҳлантирилган ҳамда қонунчиликка мувофиқ қарздорликни бартараф этиш учун яна муддат берилган.
Ҳозирда, ижро ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
