Бухорода коллеж ҳисобчиларининг қинғир ишлари фош этилди

 Бухорода коллеж ҳисобчиларининг қинғир ишлари фош этилди

Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг очиқ суд мажлисида судланувчилар Б.Н.Ражабов ва Б.Ҳ.Файзиеваларга нисбатан жиноят иши кўрилиб, уларга нисбатан тегишли ҳукм ва жазо тайинланди.

Ишончли манбанинг хабар беришича иш ҳолатига кўра судланувчи Б.Н.Ражабов Бухоро туризм коллежида бош ҳисобчи вазифасида, Б.Ҳ.Файзиева Бухоро туризм коллежида ҳисобчи лавозимида ишлаб келиб, ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда бир гуруҳ бўлиб, иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар туркумига кирувчи — ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш жиноятини содир этган.

Жумладан, Бухоро туризм коллежи бош ҳисобчиси лавозимида ишлаб келиб, мансабдор шахс бўлгани ҳолда мансаб мавқеини суиистеъмол қилган. У бош ҳисобчи сифатида коллеж ҳисобхонаси томонидан ҳужжатларнинг ўз вақтида тўғри расмийлаштирилиши ва бажарилган жараёнларнинг қонуний бўлиши устидан дастлабки назоратни амалга ошириши керак бўлса-да, ушбу вазифаларни ўз ҳолига ташлаб қўйган. Натижада коллеж ҳисобчиси Б.Ҳ.Файзиева томонидан 2017-2018 йилнинг 1-чораги давомида “Уз АСБО” дастури орқали коллежнинг касаллик варақасида бўлган жами 29 нафар иш ходимларига нотўғри ойлик иш ҳақи ҳисобланган, ўртача иш ҳақи миқдори ва таътил кунлари нотўғри белгиланган, охирги ҳисоб-китоб тўлови, ўртача иш ҳақи миқдори нотўғри қўлланган ва бошқа ишлар бўйича бюджет маблағлари растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинган.

Бундан ташқари, Б.Ражабов коллеж бош ҳисобчиси лавозимида ишлаб келиб, мансабдор шахс бўлгани ҳолда, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан коллеж ҳисобчиси Ҳ.Б.Файзиева билан жиноий тил бириктириб, у билан бир гуруҳ бўлиб, Ҳ.Б.Файзиевага бир гуруҳ коллеж ўқувчилари ҳамда коллежда буйруқ ёки меҳнат шартномаси тузмаган бўлса-да, фуқаро Я.Я.Сирожевларни гўёки улар коллежда 2017-2018 йилнинг 1-чораги давомида ўқитувчи вазифасида ишлаган қилиб кўрсатиб, уларнинг номларига АТ “Турон банк” Бухоро филиалида банк пластик карталар очишга кўрсатма бериб, улар номига очилган банк пластик карталарига “Уз АСБО” дастури орқали тегишли суммада ойлик иш ҳақларини Ҳ.Б.Файзиева орқали ёздириб олиб, ушбу пулни ўз манфаатлари йўлида ишлатган. Ўзига ишониб топширилган анча миқдордаги бюджет маблағларини такроран ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган ва шунга ўхшаш жиноий ишларни амалга оширган.

Суд мажлисида судланувчи ўз айбига иқрорлигини, содир қилган жиноятидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, ижтимоий аҳволини инобатга олган ҳолда, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 167-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан Жиноят кодекси 45-моддасига асосан 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Файзиева Ҳафиза Бахтиёровнага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 167-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан Жиноят кодекси 45-моддасига асосан 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!