Болгария ва Руминия Шенген ҳудудига қўшилмоқда

Болгария ва Руминия Шенген ҳудудига қўшилмоқда

2024 йил 31 март кунидан бошлаб Болгария ва Руминия давлатлари Шенген ҳудудига киради.

Шу муносабат билан Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси томонидан уюштирилган тадбирда Ташқи ишлар вазирлиги масъуллари, элчилар, дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

Қайд этилганидек, Шенген ҳудудига кириш Болгария ва Руминия учун кўп имкониятлар очади, хусусан савдо ва туризм ривожланишига ёрдам беради.

ЕИнинг мамлакатимиздаги элчиси Шарлотта Адриан фикрича, Европа интеграцияси йўлидаги муҳим муваффақият ҳисобланадиган бу воқеадан сўнг икки давлат фуқаролари, корхоналари энди муайян ҳудудда эркин ҳаракатлана олади.

– Бу Ўзбекистон учун ҳам яхши хабар, чунки саёҳат ва ўзаро алмашинув учун янги имкониятлар очилмоқда, – деди Шарлотта Адриан хоним. – Шенген Европа Иттифоқининг қимматли дурдонаси сифатида Марказий Осиё мамлакатлари учун ҳам кўтаринки руҳ манбаи бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Шенген тартиби 1985 йил Европа Иттифоқининг беш давлати – Франция, Германия, Бельгия, Нидерландия ва Люксембург томонидан жорий этилган. Ҳудуднинг асосий моҳияти аъзо давлатларнинг эркин ҳаракатланишидир.

Бугунги кунда Шенген тизимига қўшилган 29 мамлакатнинг 25 таси ЕИ аъзолари. Ҳудуд 450 миллион аҳолиси бўлган 4,5 миллион квадрат километр майдонни қамраб олган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!