“Боласи бўлса, уйдан чиқаролмаймизми?”

“Боласи бўлса, уйдан чиқаролмаймизми?”

— Акам бир аёл билан шаръий никоҳ асосида яшаб келган. Бир нафар фарзанди бор. У аёлни онамнинг номида бўлган квартирага жойлаштирган. Ҳозирда акам келинойим билан ярашиб олиб, оиласига қайтди. Бироқ иккинчи уйлангани онамнинг уйидан чиқиб кетишни хоҳламаяпти. «Судга берамиз», десак, « болам бор, барибир уйдан чиқариб юбора олишмайди», деяпти. На «ЗАГС»и ва на «прописка»си бор. Шунда ҳам онамни уйида яшайверадими?
Исми сир тутилди.

Аббос САЙДАХМЕДОВ, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:
— Фуқаролик кодексининг 164-моддасига кўра, мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир.
Фуқаролик процессуал кодекснинг 3-моддасига мувофиқ, ҳар қандай манфаатдор шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш учун фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фуқаролик ишлари бўйича судга (судга) мурожаат қилишга ҳақли.
Олий суди Пленумнинг 2001 йил 14 сентябрдаги “Уй-жой низолари бўйича суд амалиёти ҳақида”ги 22-сонли қарорида тушунтирилишича, уйдан кўчириш ҳақидаги низолар судларда кўриб чиқилади.
Оила аъзолар, собиқ оила аъзолари, фарандлар (фарзандликка олинганлар)ни турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи Уй-жой кодексининг 32-моддасида келтириб ўтилган.
Унга кўра, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар. Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Уй, квартиранинг мулкдори билан унинг собиқ оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар ўртасида турар жойдан фойдаланиш тартиби тарафлар келишуви билан белгиланади.
Турар жой мулкдорининг оила аъзолари деб у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади. Эр-хотиннинг ота-онаси, шунингдек мулкдор билан доимий яшаётган оилали фарзандлари, агар илгари бу ҳуқуққа эга бўлмаган бўлсалар, фақат ўзаро келишувга биноан мулкдорнинг оила аъзоси деб тан олинишлари мумкин.
Мурожаатдаги важлардан кўринишича, акангиз шаърий никоҳдаги аёли билан онангизга тегишли квартирада биргаликда яшаб келишган.
Бундай тоифадаги низоларни кўришда, судлар Уй-жой кодексининг 32-моддаси талабларига мувофиқ, мулкдор оила аъзоси унинг розилиги билан киритилганми, у киритилган пайтда доимий ёки вақтинча яшаши юзасидан келишув бўлган ёки бўлмаганини аниқлайди.
Агар акангизнинг қонуний никоҳдан ўтмасдан яшаб келган аёли онангизнинг розилиги билан киритилган бўлса ва у киритилганида бошқача ёзма келишув тузилмаган бўлса, у турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.
Турар жойдан яшаш ва фойдаланиш учун албатта доимий рўйхат (прописка) бўлиши шартлиги, акс ҳолда фуқаро турар жойдан кўчирилиши шарт эканлиги қонунда назарда тутилмаган.
Бунда фуқаро мулкдорнинг оила аъзоси бўлиши ва у вақтинча ижара ёки текин фойдаланиш асосида яшаб келмаганлиги эътиборга олинади.
Шу билан бирга сиз маълум қилган аёл уйда яшашда турмуш қоидаларига риоя қилиши, уй-жойдан фойдаланиш билан боғлиқ харажатларни ўз зиммасига олиши лозимлиги қайд этилади.

Уй-жой кодексининг 74-моддасида агар муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар жойни ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ёки у билан доимий яшаётган фуқаролар турар жойни бузаётган ёхуд шикастлантираётган ёки ундан ўз мақсади бўйича фойдаланмаётган ёхуд турмуш қоидаларини мунтазам бузиб бошқаларнинг у билан бир квартира ёки бир уйда яшаш имконини бермаётган бўлсалар, бунда огоҳлантиришлар ва жамоат таъсир чоралари натижа бермаган бўлса, шунингдек шартномада узоқроқ муддат белгиланмагани ҳолда ижарага олувчи турар жой ҳақини олти ой тўламаган бўлса, қисқа муддатли ижарада эса шартномада белгиланган тўлов муддати ўтганидан сўнг икки мартадан ортиқ тўланмаган ҳолда ижарага берувчи ёки ўзга манфаатдор шахсларнинг талаби бўйича айбдорларни кўчириш бошқа турар жой бермасдан амалга оширилади.
Юқоридагиларга асосан сиз маълум қилган шахс агарда турар жойни бузаётган ёхуд шикастлантираётган ёки ундан ўз мақсади бўйича фойдаланмаётган ёхуд турмуш қоидаларини мунтазам бузиб бошқаларнинг у билан бир квартира ёки бир уйда яшаш имконини бермаётган бўлса, бунда огоҳлантиришлар ва жамоат таъсир чоралари натижа бермаган бўлса, уни уйдан кўчириш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлигингиз тушунтирилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!