БМТ: "Ўзбекистонда ерларнинг 80 фоизи эрозияга мойил"

БМТ: "Ўзбекистонда ерларнинг 80 фоизи эрозияга мойил"

Сўнгги 50 йил ичида Марказий Осиё аҳолиси уч баробарга ошди. Мураккаб иқлим шароитларида сув ресурсларининг қисқариши фонида минтақа мамлакатлари озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида жиддий муаммоларга дуч келмоқда. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO)нинг матбуот хабарномасида айтилади.
 
Яқинда старт олган FAO ва Глобал экологик жамғарманинг (GEF) минтақавий лойиҳаси Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия, Туркманистон ва Қозоғистонда бу муаммоларни ҳал этишга қаратилган. Лойиҳанинг умумий мақсади Марказий Осиё давлатлари ва Туркия ҳудудида табиий ресурсларни бошқаришнинг интеграцияланган амалиётини кенг тарқатишдан иборат. Лойиҳа қишлоқ жойларда яшовчиларнинг қурғоқчилик ва шўрланиш билан курашиши салоҳиятини оширишга қаратилган. 
 
Минтақадаги барча қишлоқ хўжалик майдонларининг 77%дан 95%гача бўлган ҳудудини эгалловчи яйловлар тўғри бошқарилмаяпти. Қирғизистонда экин майдонларининг 88 фоизи ва Тожикистонда қишлоқ хўжалиги ерларининг 97 фоизи эрозияга мойил. Қозоғистонда тупроқнинг 66 фоизи зарар кўрган бўлса, Туркманистон ва Ўзбекистонда бу рақам 80 фоизга етади. Бундан ташқари, минтақадаги суғориладиган ерларнинг 40%дан 80%гачаси шўрланиш èки ботқоққа мойил. Туркманистон (68%), Ўзбекистон (51%), Туркия (30%) ва Қозоғистон (20%) энг кўп жабр кўрганлардандир.
 
Тупроқнинг деградацияси ва қурғоқчиликлар қўшма ҳаракатлар талаб қиладиган трансчегаравий таҳдидлар бўлгани туфайли, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон 2003 йилда уларни ҳал қилиш учун биргаликда ишлашга келишиб олди. Давлатлар чўлланишга қарши кураш бўйича чора-тадбирлар режаси ва 2006-2010 йилларда амалга оширилган 10 йиллик ер бошқарув дастурини ишлаб чиқди. 

manba: kun.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!