БМТ ҳисоботи: Толибон ҳужумларга шай, у ал-Қоида билан алоқани узмаганми?

БМТ ҳисоботи: Толибон ҳужумларга шай, у ал-Қоида билан алоқани узмаганми?

АҚШ ва коалиция қўшинлари Афғонистонни тўлиқ тарк этгач Толибон музокаралар орқали қўлга кирита олмаган ҳудудларни куч билан тортиб олишга тайёр, дейилади БМТга аъзо давлатлар разведкасига асосланган янги ҳисоботда.

БМТнинг санксияларни кузатувчи мониторинг гуруҳига кўра, 2020 йилда Афғонистонда зўравонлик суръати кескин ошган ва 2021 йилда ҳам давом этмоқда.

Толибон бугун мамлакатдаги маъмурий марказларнинг ярмидан кўпини назорат қилади. Шунингдек, шаҳарлардан ташқаридаги ҳудудларнинг 70 фоизига даъвогарлик қилади.

Ҳукумат билан тинчлик битимига эришиш учун жангарилар зўравонликни камайтираётгани йўқ, ҳарбий мавқеини кучайтиришга интилмоқда.

БМТ экспертларига кўра, Афғонистонда расмийлар, аёллар, ҳуқуқ фаоллари ва журналистларга қаратилган хуружларнинг аксариятини Толибон амалга оширган.

“Бу ҳужумлардан мақсад ҳукуматни заифлаштириш ва фуқаролик жамиятини қўрқитиш”, дея хулоса қилади экспертлар.

Гуруҳ 2020-йилда тоғ-кон саноатидан тахминан 464 миллион доллар даромад қилган. Толибоннинг йиллик даромади 300 миллион доллардан 1,6 миллиард долларгача, дейилади ҳисоботда.

Разведка маълумотлари шуни кўрсатмоқдаки, Толибон қўмондонлари муҳим шаҳарлар атрофида ўз кучларини тўплаган.

Улар хорижий қўшинлар сони камайганда бўлажак ҳарбий амалиётларни шакллантириш пайида, дейилади ҳисоботда. Толиблар ал-Қоида гуруҳи билан алоқани узган дейиш учун асос йўқ. Аксинча, орадаги муносабатлар “никоҳ ришталари ва умумий курашда шериклик орқали чуқурлашиб бормоқда”.

“Ал-Қоида аъзолари нишонга олинишини бартараф этиш учун Толибон уларни узоқроқ жойларга кўчирган”, дейилади ҳисоботда. Афғонистоннинг 15 вилоятида ал-Қоиданинг 500 нафаргача аъзоси яшайди.

Иккала гуруҳ орасида алоқа давом этмоқда. Лекин, дейилади ҳисоботда, “Толибонннинг Доха келишуви доирасидаги дипломатик позициясига зиён етказмаслик учун ал-Қоида Толибон раҳбарияти билан очиқ коммуникацияни чеклаган”.

Толибон БМТ хулосаларини рад этмоқда.

“Афсуски, бу ҳисобот душман разведка идораларининг ёлғон маълумотлари асосида тузилган, – дейди гуруҳ сўзловчиси Забиҳулла Мужоҳид. – Бундай бир томонлама ҳисоботлар БМТ Хавфсизлик Кенгашининг холислигини шубҳа остига қўяди”.

АҚШ расмийларининг таъкидлашича, Афғонистонда “адолатли ва мустаҳкам” тинчликка эришишнинг ягона йўли афғон гуруҳлари орасида музокаралардир.

“Дунё Афғонистонда ҳукумат зўрлик билан ўрнатилишини қабул қилмайди”, – дейди Давлат департманети сўзловчиси Нед Прайс.

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Ҳалилзод фикрича, Толибон халқаро ҳамжамият томонидан тан олинишини истагани боис ҳам музокарага тайёр. Агар зўравонликка қўл уришса, дейди у, бу мақсадга эриша олмайди, мамлакат кўмакдан ҳам қуруқ қолади.

Бир неча кун олдин АҚШ ҳарбийлари шу кунгача Афғонистондан қўшин ва техниканинг 44 фоизи олиб чиқилганини эълон қилган эди.

Доха келишувида АҚШ ва коалиция қўшинларини 2021-йилнинг майигача Афғонистондан чиқиши кераклиги белгиланган бўлса-да, Президент Жо Байден жадвални бироз кечиктирди. Жараён сентябрьгача чўзилади.

Афғон қуролли кучлари учун тренинглар қай тарзда давом этиши ва, зарур бўлганда, АҚШ Афғонистонда аксилтеррор амалиётларни қандай ўтказиши ҳозирча номаълум.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!