Эрон Исроилнинг соғлиқни сақлаш муассасаларига қилинган ҳужумларини қоралади
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги қуролсизланиш ва қуролларни назорат қилиш бошқармаси директори Ҳайдар Али Балужий 12 кунлик уруш давомида Исроил томонидан Эрондаги вакцина ва дори воситалари ишлаб чиқариш объектлари ҳамда соғлиқни сақлаш марказларига қилинган ҳужумларни халқаро ҳуқуқ ва минтақавий хавфсизликка таҳдид сифатида баҳолади.
Женевада Биологик қуролларни тақиқлаш тўғрисидаги конвенцияни (BWC) мустаҳкамлаш бўйича Ишчи гуруҳ йиғилишида сўзга чиққан Балужий, мазкур ҳужумларни агрессив, мақсадли ва тўғридан-тўғри амалга оширилган ҳаракатлар сифатида таърифлаб, улар Конвенция тамойиллари ва халқаро ҳуқуқ нормаларига зид эканини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, 13 июнь куни Исроил асоссиз равишда Эронга қарши уруш бошлаб, кўплаб юқори мартабали ҳарбий қўмондонлар, ядровий олимлар ва тинч аҳоли вакилларини ўлдирган. 24 июнга келиб, Эрон ўзининг қарши операциялари орқали урушни тўхтатишга муваффақ бўлган.
Балужий бундай ҳужумлар мамлакатнинг соғлиқни сақлаш салоҳиятига зарар етказиш билан бирга минтақавий ва глобал биохавфсизликка ҳам таҳдид солишини таъкидлади. У, шунингдек, тинч мақсадларда фойдаланиладиган биологик объектларга ҳужумлар аъзо давлатларнинг биологик фанлардан тинч мақсадда фойдаланиш ҳуқуқини бузиши ва бутун жаҳон қуролсизланиш тизимига зарба беришини қайд этди.
Эронлик дипломат халқаро ҳамжамиятни ушбу ҳаракатларни кескин қоралашга ва жавобгарларни жиноий жавобгарликка тортишга чақирди.
Маълумот ўрнида, BWC’ни мустаҳкамлаш бўйича Ишчи гуруҳ 2022 йилда Конвенциянинг тўққизинчи қайта кўриб чиқиш конференцияси қарорига асосан ташкил этилган бўлиб, халқаро ҳамкорлик ва ёрдамни кучайтириш, илмий-техникавий ривожланишни баҳолаш ва текшириш механизмларини ўрганишни мақсад қилади. Гуруҳ камида 2026 йил охиригача фаолият юритиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, Балужий Ғарбий Осиёда BWC глобал шериклигини қўллаб-қувватлаш аҳамиятини ҳам алоҳида таъкидлади.
