Бир гуруҳ ўзбекистонлик талабалар Қозоғистондан ватанга қайтмоқда

Бир гуруҳ ўзбекистонлик талабалар Қозоғистондан ватанга қайтмоқда

Қозоғистонда таҳсил олаётган 35 нафар ўзбекистонлик талаба бугун Тошкентга қайтмоқда, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси маълумотига кўра, Нарикбаев номидаги Қозоғистон давлат юридик университетида таҳсил олаётган 35 нафар ватандошимиз «Uzbekistan Airways» ОАЖ самолёти орқали уйга қайтаяпти.

“Ўтаётган ҳафта давомида ўзбекистонликлар қўшни Қозоғистондаги воқеаларни катта ҳаяжон билан кузатмоқда, - деб ёзган Қозоғистон давлат юридик университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ота-оналари қўмитаси раиси Тўра Тўраев ўзининг Телеграм-каналида. - Ва кўпчилик ушбу мамлакатда бўлиб турган ўз яқинлари ҳаёти учун қайғургани ҳақиқат. Булар орасида Нарикбаев номидаги Қозоғистон давлат юридик университетида таҳсил олаётган талабаларнинг ота-оналари ҳам бор.

Ушбу талабаларнинг ота-оналари фарзандларининг тақдири ҳақида қайғуриб, ўзларини қўйишга жой топа олмади. Аммо давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ижтимоий сиёсати ва республика фуқароларига бўлган юксак эътибори туфайли бир неча соатдан кейин бизнинг фарзандларимиз Тошкентга етиб келади.

Барча талабаларнинг ота-оналари номидан фарзандларимизни Ватанга қайтариш бўйича амалга оширилган ушбу саъй-ҳаракатлар учун Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонасига миннатдорлик билдирамиз. Айни пайтда ушбу университетнинг барча талабалари самолётда учиб келмоқда.

Жонажон юртимиз ва қўшни давлатларда тинчлик бардавом бўлсин”.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги дипломатия ваколатхоналари одатдаги тартибда фаолият юритмоқда. Зарур ҳолларда Ўзбекистон фуқароларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда.

Зарурат туғилганда юртдошларимиз исталган вақти Ўзбекистоннинг Нур-Султон (телефон: +7 771 020 36 73), Олма-ота (телефон: +7 777 950 44 33) ва Оқтов (телефон: +7 777 599 00 51) шаҳарларидаги дипломатия ваколатхоналарига мурожаат қилишлари мумкин.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!