Билмагандим дейиш жазодан озод этмайди – Ўзбекистонда «10 суткалик» крипточилар кўпаймоқда

Билмагандим дейиш жазодан озод этмайди – Ўзбекистонда «10 суткалик» крипточилар кўпаймоқда

Ҳуқуқбузарларнинг барчаси судда қилган иши ноқонуний эканини билмаганини маълум қилган. Жавобгарликка тортилганларнинг 12 нафарига маъмурий қамоқ, 3 нафарига жарима жазоси тайинланган.

Аввалроқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда Жиноят кодексига крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузганлик ва майнинг фаолиятини қонунга хилоф равишда амалга оширганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи қўшимчалар киритилганди.

Олий суднинг интерактив хизматлари порталига кўра, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун биринчи иш 2024 йил 14 май куни кўрилган. Унда 29 ёшли йигит «Бинанcэ» платформаси орқали ҳеч қандай тегишли ҳужжатларсиз, жами 125 маротаба крипто-активларни сотиб олиш, ўзга шахсга ўтказиш амалиётини амалга оширгани аниқланиб, унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Ўтган 1 ойда республикада жами 15 киши крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузгани учун жавобгарликка тортилган. Уларнинг 3 нафарига жарима (иккитасига 6,8 млн сўмдан, биттасига 3,4 млн сўм) ва 12 нафарига маъмурий қамоқ (бештаси 10 сутка, иккитаси 5 сутка ҳамда бештаси 3 сутка) жазоси берилган. Жавобгарликка тортилганларнинг 5 нафари 20 ёшга ҳам тўлмаган ўсмирлардир.

Қандай жазо бор?

Президент имзолаган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Жиноят кодексига крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи қўшимча моддалар киритилган.

Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, крипто-активларни қонунга хилоф равишда олиш, ўтказиш ёки айирбошлаш, лицензия олмасдан крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга ошириш 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга ёки маъмурий қамоқ қўлланиши мумкин бўлмаган шахсларга БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Бунда крипто-активларни ҳамда мазкур ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроллари мусодара қилинади.

Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари томонидан аноним крипто-активлар билан операцияларни амалга оширган мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 30 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солинади.

Жиноят кодексига киритилган янги 278-8-моддага кўра, крипто-активларни қонунга хилоф равишда олиш, ўтказиш ёки айирбошлаш, белгиланган тартибда лицензия олмасдан, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга ошириш ёхуд крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари томонидан аноним крипто-активлар билан операцияларни амалга ошириш шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланганидан кейин содир этилган бўлса, БҲМнинг 100 бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Агар ушбу ҳаракатлар такроран ёки хавфли рецидивист томонидан кўп миқдорда ҳамда бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, БҲМнинг 300 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоси тайинланади.

Ўша ҳаракатлар жуда кўп миқдорда, хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда ва уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!