Бельгия элчиси билан ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Бельгия элчиси билан ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Сув хўжалиги вазирлигида Бельгия Қироллигининг Ўзбекистондаги янги тайинланган элчиси Анри Вантигем билан учрашув ўтказилди.

Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев элчини ташрифи билан қутлади. Ҳозирда Европа Иттифоқи кенгашига раислик қилаётган Бельгия Қироллиги билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, хусусан, сув хўжалиги йўналишида ҳамкорлик қилиш манфаатли эканини таъкидлади.

Элчига Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, сув хўжалиги соҳасидаги янгилик ва ўзгаришлар ҳақида ахборот берилди. Фойдаланиладиган сув ресурсларининг 85 фоизи қўшни мамлакатлар ҳудудида шаклланадиган Ўзбекистон учун трансчегаравий дарёларнинг аҳамияти, қўшни давлатлар билан йўлга қўйилган дўстона муносабатлар ҳақида сўз юритилди. Президентимизнинг оқилона ва узоқни кўзлаган дона сиёсати натижасида сув бўйича масалалар ўзаро келишув асосида ҳамжиҳатлик билан ечилаётгани эътироф этилди.

Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси тасдиқлангани, унинг доирасида ҳар уч йилда стратегия қабул қилиниб, ижроси таъминланаётгани, концепциянинг устувор йўналишлари тўғрисида маълумотлар берилди.

Бельгия Қироллигининг Ўзбекистондаги янги тайинланган элчиси Анри Вантигем самимий қабул учун миннатдорлик билдирди.

Нафақат Бельгия, шу билан бирга Европа Иттифоқи учун ҳам сув ўта муҳим масала эканини таъкидлади. Худди Ўзбекистон каби Бельгия ҳам трансчегаравий дарё сувларидан фойдаланади. Шельда, Маас дарёлари сувларидан қуйида жойлашган қўшни Нидерландиянинг экин майдонлари суғорилади.

Учрашувда Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ бўлган экологик муаммоларга эътибор қаратилди. Орол – фақат Ўзбекистон ёки Марказий Осиё учун эмас, глобал миқёсдаги инқироз эканлиги айтиб ўтилди. Шу боис, Ўзбекистон Президенти нуфузли халқаро минбарларда жаҳон ҳамжамияти эътиборини Орол муаммосига қаратиб, экологик оқибатларини камайтириш юзасидан янги ташаббусларни илгари суряпти.

Элчи жаноблари ўзбекистонлик мутахассисларни Бельгиядаги Гент университети ва бошқа илм даргоҳларининг аграр факультетларида томчилатиб суғориш бўйича олиб борилаётган илмий изланиш ва тадқиқотлар билан танишишга таклиф қилди.

Дўстона руҳда ўтган учрашув якунида сув ресурсларини самарали бошқариш, ундан унумли фойдаланиш бўйича тажриба алмашиш ва ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!