Бангладеш халқаро трибунали Шaйх Хасинани ҳибсга олишга ордер берди
Бангладеш жиноий ишлар бўйича халқаро трибунали август ойида оммавий норозилик намойишлари фонида Ҳиндистонга қочиб кетган мамлакат собиқ бош вазири Шайх Хасинани ҳибсга олишга ордер берди, дея хабар бермоқда BBC News.
Бангладешни 20 йилдан ортиқ бошқарган собиқ бош вазир юзлаб одамлар ҳалок бўлган намойишлар чоғидаги «инсониятга қарши жиноятлар»га алоқадорликда гумонланиб, трибунал томонидан қидирилмоқда.
Шунингдек, мамлакатдан қочиб кетган 45 нафар бошқа шахслар, жумладан собиқ ҳукумат таркибидаги вазирларни ҳам ҳибсга олишга ордер берилган.
Бангладешда норозилик намойишлари июль ойи бошида авж олганди. Ўшанда мамлакатнинг элит университетлари талабалари кўчаларга чиқиб, давлат секторидаги иш ўринларининг учдан бир қисмини 1971 йилда Покистондан мустақил бўлиш учун урушда қатнашган фахрийларнинг қариндошлари учун олиб қўядиган тизимга ўзгартириш киритишни талаб қилганди. Уларнинг айтишича, мавжуд тизим адолатсиз бўлиб, ишчилар лавозимларга муносиблигига қараб тайинланиши лозим. Орадан кўп вақт ўтмай намойишлар тартибсизликларга айланиб, бутун мамлакат бўйлаб кузатила бошланди ва уларнинг иштирокчилари Хасинанинг истеъфосини талаб қила бошлади.
Хасина қочиб кетгандан сўнг Бангладешда муваққат ҳукумат тузилди ва унга «камбағаллар учун банкир» деган таъриф билан танилган Тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори Муҳаммад Юнус раҳбар бўлди.
77 ёшли Хасина қочиб кетганидан бери омма олдида кўриниш бермади. У сўнгги марта Ҳиндистон пойтахти Деҳли яқинидаги ҳарбий ҳаво базасида бўлгани, у ерга вертолётда етиб боргани маълум.
Бангладешнинг янги ҳукумати Хасинанинг дипломатик паспортини бекор қилди. Бундан ташқари, Бангладеш ва Ҳиндистон ўртасида экстрадиция бўйича икки томонлама шартнома мавжуд. Бироқ, агар жиноят «сиёсий хусусиятга эга» бўлса, экстрадиция бўйича сўров рад этилиши мумкин.