Ароқчи «тажовузкорларга сабоқ берилишини» ваъда қилди
Эрон ташқи ишлар вазири Эронга қарши уруш сабабсиз ва ноқонуний эканини билдирди.
«Нетаньяху ва Трампнинг Эронга қарши уруши тўлиқ сабабсиз, ноқонуний ва легитим эмас», — деб ёзди Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
«Трамп “Америка биринчи ўринда” шиорини “Исроил биринчи ўринда”га айлантирди, бу эса ҳар доим “Америка охирги ўринда” дегани», — дея қўшимча қилди у.
«Қудратли қуролли кучларимиз бу кунга тайёр ва тажовузкорларга муносиб сабоқ беради», — деди Эрон ТИВ раҳбари.
Шунингдек, эълонда Дональд Трампнинг 2012 йилдаги баёноти скриншоти ҳам жойлаштирилган. Унда шундай дейилган: «Обаманинг рейтинглари кескин тушиб бораётган бир пайтда, унинг Ливия ёки Эронга зарба беришини кузатинг. У умидсиз аҳволда».
Бугунги АҚШ–Исроил зарбалари вақти ядровий музокараларнинг янги босқичи билан бир вақтга тўғри келди. Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Ҳамид Ғанбари буни Al Jazeera телеканалига берган интервьюсида «жуда ташвишли ҳолат» деб атади.
Унинг сўзларига кўра, бундай вақт танланиши «ишончга путур етказади ва тинч ечимга содиқлик борасида жиддий шубҳалар уйғотади».
Ғанбари Эрон ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга эканини ҳам таъкидлади. Шунингдек, у ҳозирги ҳарбий кескинлашув оқибатида юзага келган ҳар қандай гуманитар йўқотишлардан афсусда эканини билдирди.
IRNA агентлиги хабарига кўра, Эроннинг жанубидаги Минаб шаҳрида қизлар бошланғич мактабига Исроил томонидан амалга оширилган ҳужум оқибатида ҳалок бўлганлар сони 51 нафарга етган. Яна 60 киши жароҳат олган.
Шаҳар расмийси Муҳаммад Радмеҳрнинг айтишича, Исроил эрталаб мактабга «бевосита зарба берган». Унинг маълум қилишича, зарба пайтида бинода 170 нафар ўқувчи қиз бўлган. Қутқарув ишлари давом этаётгани сабабли қурбонлар сони яна ортиши мумкин.
